ҲАЖ ИБОДАТИ

Ҳаж Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларига бир шукронадир. Чунки Аллоҳ бандаларга сиҳат-саломатлик, зарурий эҳтиёжларидан ташқари мол-давлат ва яна кўплаб неъматлар берган. Шундай экан, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиш бурчимиздир.

Ҳаж кучли иродага эга бўлган, Аллоҳнинг тавфиқи ва ёрдамига чин дилдан ишониб, таваккул қилган кишилар бажара оладиган машаққатли ибодатдир. Бу машаққатлар ҳожини ахлоқини гўзаллаштиради, қўполлигини кетказиб, унга оддий имконлар билан яшашни, камтаринликни ва сабр-бардошли бўлишни, тинчлик қадрига етиб яшашни ўргатади. Ҳаж бою камбағал, амалдору хизматчи ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг ожиз бандалари эканини кўрсатувчи, ҳақиқий тенглик ва биродарлик майдонидир. Чунки ҳажда барча ҳожилар дунё ва унинг зийнатларидан қалбан узиладилар. Барчалари бир хил либос – оқ иҳром кийиб, яхши сўзларни айтиб, худди бир тану бир жондек ҳожатларга тўлган қалблари ила ягона Аллоҳга ёлворадилар.

Эътироф қилиш лозимки, бугунги кунда ҳожиларнинг зиёратларини тўла-тўкис ва ҳеч қандай қийинчиликларсиз адо қилишлари учун давлатимиз тамонидан барча шароитлар яратилмоқда. Энг сўнги русумдаги ҳаво лайнерларидан тортиб, янги ва шинам меҳмонхоналар ҳожиларимиз ихтиёрига берилмоқда. Улар Ҳаж амалларини мукаммал, бехавотир адо қилишлари учун 150 кишидан иборат ҳаж ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббий ходимлар ва ошпазлар ҳожиларимизни хизматида шай турадилар. Бу имкониятларнинг барчасига, давлатимиз томонидан муқаддас динимизга бўлган катта эътиборнинг бир кўриниши сифатида қараш мумкин. Хусусан, мустабид шўро тузуми даврида ҳар йили уч, тўрт кишига Ҳаж ва Умра зиёратини амалга оширишга рухсат берилган бўлса, Истиқлол шарофати ила йилига етти минг икки юз нафар киши ҳаж қилиш имкониятига ва 6000 нафар кишилар Умра зиёратини амалга оширишга эга бўлмоқдалар. Вилоятимиздан бугунгача жами 2500 га яқин кишилар ҳаж ибодатини, 2700 га яқин кишилар умра зиёратини адо этганлар. Жорий йилда вилоятимиздан ҳаж зиёратини амалга ошириш учун 204 нафар юртдошларимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.

Шу билан биргаликда, вилоятимиз ҳожиларига ҳокимлик ва барча мутасадди ташкилотлар томонидан уларни туманлардан сафарбар қилиш, уларни кузатиб қўйиш ва кўтаринкилик билан кутиб олиш ҳамда маънан бу улуғ ибодатга тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган.

Шу мақсадда муборак ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар бирорта амалга камчиликка йўл қўймасликларини таъминлаш учун ҳожиларга сафар олдидан махсус кунларда тайёрлов машғулотлари амалга оширилиши анъанага айланган.

Аллоҳ таоло дунёдаги барча ҳажга бораётганларини сафарларини бехатар қилиб, ҳажларини ҳажжи мабрур қилсин, шу қаторда юртимиздан бораётган ҳожилармизни ҳажлари ва уларнинг юртимиз хотиржамлиги, тинчлиги ва ободлигини сўраб қилаётган дуолари даргоҳи илоҳийда мақбул бўлишини насиб айласин!

Бабажанов Фозилжон.

УМИ Хоразм вилояти вакиллиги мутахассиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *