МИССИОНЕРЛАР ВИЖДОН ЎҒРИЛАРИ

Кейинги вақтларда миссионерлик ҳаракати дунё миқёсида диний ақидапарастлик, фундаментализм, экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик каби глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Бу иллатга қарши курашиш ҳозирги вақтда кўплаб мамлакатларда долзарб масалалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Миссионерлик ҳаракати, агар олди олинмаса, нафақат инсонларнинг эътиқодига, балки турли дин, миллат ва элатларнинг ҳамжиҳатлигига ҳам рахна солиши мумкин.

Миссионерлик — бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш бўлса, Прозелитизм — бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдир. Миссионерликнинг мақсади ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганлар ёки бошқа динларга мансуб шахсларни муайян динга киришга даъват этишдир. Аслида эса кўпгина миссионерлар муайян ижтимоий гуруҳнинг сиёсий мақсадларини амалга оширишни ўз олдиларига вазифа сифатида қўядилар.

Миссионерлик ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган. Бугунги кунда эса миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур. Маълумотларга кўра, дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Хусусан, протестантлик замонавий миссионерликнинг асосий ҳомийси бўлиб қолмоқда. Уларнинг фаолияти кўплаб давлатларда катта мувафақият келтирган. Ҳозирги кунда Жанубий-Шарқий Осиёдаги анъанавий равишда буддавийликка эътиқод қилиб келган айрим мамлакатлар аҳолисининг катта қисми ёки аксарияти христианликка эътиқод қилиши ана шу “зафарли” юришларнинг натижасидир. Хусусан, ҳозирги кунда дунёда миссионерлар ўз ташкилий асосларини яратишда кўпинча нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлар мақомидан фойдаланишга уринишмоқда. Бундан ташқари баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида ҳам фаолият олиб боришмоқда.

Шунингдек, маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган, дизайни анча чиройли бўлган, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақолаларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар. Миссонерлар бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган аудио-видео кассеталарни ҳам аҳолига бепул тарқатган ҳолатлар кўп кузатилган. Бундан ташқари, улар турли мамлакатларда санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш ва ушбу тадбирлар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш, айрим тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига малакали мутахассис кадрларни «иш»га юбориш, якка-ёлғиз ва ёрдамга муҳтож бўлган шахсларга кўнгилочар мактублар йўллаш, ёшлар ташкилотлари билан ўзаро «ҳамкорлик» ўрнатиш, компьютер ёки чет тилларини ўргатиш клубларини ташкил этиш, ўз сафларига қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириб туриш ва хорижий мамлакатларга ўқиш ёки малака ошириш сафарига юбориш ҳамда ишга жойлашиш каби усуллардан ҳам фойдаланадилар.

Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динлар ёки конфессияларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина  бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради. Масаланинг ана шу жиҳатига эътибор берилса, миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаб етиш мумкин. Бу, миссионерлар ўз мақсадларига эришадиган бўлсалар улар фаолият олиб бораётган мамлакатда низо ва жанжалларнинг авж олиши, душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратилиши, халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

Миссионерлар макон ва замонга мослашган ҳолда ўз услуб ва воситаларини доимий такомиллаштириб келганлар. Хусусан, сўнгги вақтларда улар маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиб, мақсадли иш олиб боришга интилмоқдалар. Жумладан, миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар. Миссионерларга табиатан ишонувчан, ташқи таъсирга мойил бўлган ва айни пайтда, ҳаётда сабр-бардошли ва фидоий бўлиш билан бир қаторда ҳамиша маънавий-руҳий кўмакка, қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган аёлларга ҳам алоҳида эътибор билан қарамоқдалар.

Миллатнинг бирлиги ва жипслиги, мамлакатдаги барқарорлик ва тараққиёт оиладаги якдиллик ва аҳиллика боғлиқ. Бу прозелит аёлни тарбиялашга интилиш ортида жамиятда беқарорликни келтириб чиқариш, ижтимоий ва миллий тотувлик асосларига раҳна солишдек мақсад-муддаолар ётганини кўрсатади. Оила — миллат ва мамлакатнинг келажаги бўлган ёшлар тарбияси амалга ошириладиган қутлуғ маскан. Шу нуқтаи назардан қараганда, миссионерларнинг аёлларга бўлган эътибори уларнинг эътиқодини ўзгартириш орқали фарзандлари дунёқарашини ҳам тегишли йўналишда шакллантириш, миллат, жамиятнинг эртанги кунини муайян йўсинга солишга бўлган интилиш билан белгиланишини ҳам таъкидлаш зарур.

Миссионерлик ҳаракатлари миллий маънавий барқарорликка жиддий таҳдидларни кутиш мумкин. Зеро, кўпгина мамлакатларда миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари шахсият ва интеллектуал таназзул, бошқалар иродасига кўр-кўрона бўйсуниш, индивидуалликнинг йўқолиши ва унинг ўзга мазмун билан тўлдирилиши, тараққиётдан тўхташ, моддий йўқотишлар, инсонларнинг ҳаёти, маънавий дунёқараши ва соғлигига салбий таъсир этувчи ҳолатларни келтириб чиқариши кузатилган. Шу боис, мамлакатимизда миссионерлик ва прозелитизм фаолияти қонун билан таъқиқлаб қўйилган. Бироқ, таъкидлаш жоизки, фақат миллий қонунчиликда миссионерлик ва прозелитизмга қарши ҳуқуқий чоралар белгилаш билан, бундай ҳаракатларга нисбатан тегишли жазо чоралар назарда тутилиши билан ушбу ғаразли фаолиятга бутунлай чек қўйиш қийин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг салбий моҳиятини чуқур англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш, айниқса тегишли тарбиявий-мафкуравий тадбирларни мунтазам амалга ошириш зарур. Айниқса, ёшларимиз онгини ташқи ахборот майдонида мавжуд турли таҳдидлардан асрашимиз, бунинг учун эса уларда мафкуравий иммунитетнинг шаклланишига шароит яратишимиз ва уларни милий-маънавий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашимиз лозим.

Махмуджон ҲАБИБУЛЛАЕВ

Гурлан туман бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *