Диний ва миллий маросимларни тўғри ташкил этишда ҳамда ёшлар тарбиясида ва уларни илмга, касб-ҳунарга тарғиб қилишда отинойиларнинг ўрни

Ўзининг муборак Китобида «Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирар эдилар» деган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин.
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди» деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту дурудлар бўлсин.
Аёл киши жамиятнинг тенг ярмидир деб такрор-такрор гапирилади. Шундай экан, жамият ўзининг тенг ярмини эътиборсиз қолдириши мумкин эмас.  Жамиятнинг тенг ярми, деганда аёлларнинг сони назарда тутилгандир. Бугунги кунда аёллар сон жиҳатидан эркакларга қараганда кўпроқ экани ҳеч кимга сир эмас. Бундан келиб чиқадики, жамиятимиздаги аёлларнинг ўз оиласида турмуш ўртоғига, фарзандларига бўлган ижобий ёки салбий таъсири яна ҳам кўпроқ кучга эга бўлмоқда. Ҳаттоки машҳур араб шоири Аҳмад Шавқий аёлни мактабга қиёслаб, шундай дейди:
Она–бир мактабдир, гар уни тайёрлабсан –
Мустаҳкам илдизли халқни тайёрлабсан.
Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратар экан, баъзи шаръий аҳкомларни уларнинг ҳар бирига хос, фарқли қилди. Ҳар бир мусулмон  ўзининг шариатини билиши лозим бўлганидек, ҳар бир муслима ҳам ўзининг шариатини яхши билиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёллар у зотнинг илм дарсларига ҳозир бўлар, бугунги кунда кўпгина аёллар сўрашга ҳаё қиладиган масалалар ҳақида сўрар эдилар. Ҳаттоки Оиша розияллоҳу анҳо ансорий аёлларни: «Аёлларнинг яхшиси ансорий аёллардир. Ҳаё уларни динда фақиҳ бўлишларидан ман қилмас эди», дея мадҳ қилганлар. Бу аёллар жунублик, эҳтилом, ғусл, ҳайз, истеҳоза ва бошқа масалалар борасида жуда кўп саволлар берардиларки, улардаги илмга бўлган ташналикни қондириш осон бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида эркаклар кўпайиб, кўп вақтларини уларга сарфлаётганларини кўрган аёллар у зотдан ўзлари учун ҳам ҳафтада бир кунни ажратишларини талаб қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу талабни эътиборга олиб, ҳафтанинг чоршанба кунини аёллар учун ажратганлар. У зот ҳар ҳафтанинг шу куни белгиланган вақтда аёлларга ваъз қилар, Ислом динидан, аёлларга хос шаръий масалалардан сўзлар эдилар. Улар эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир муборак сўзларини диққат билан тинглар, уқиб, англаб олишга ҳаракат қилар, ўзларини қизиқтирган турли масалаларда саволлар ҳам бериб, жавоб олар эдилар.
Кейинчалик ҳам уламолар аёлларга хос масалаларга, ҳукм ва одобларга алоҳида эътибор берганлар ва бу борада бир қанча китоблар, рисолалар таълиф қилганлар.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ушбу қадимий анъаналар, ҳаракатлар ҳозирда ҳам давом этиб, амалга ошиб турибди.
Диний қадриятлар – ҳар бир миллатнинг миллий қадриятларини амалга оширишда  асос бўлувчи манбалардан бири ҳисобланади.

Миллий қадриятлар —  авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳар бир миллатнинг ўзлигини  англатувчи   урф –одат ва анъана  қадриятларидир.

Таълим  ва  тарбия  бир  қушнинг  қанотига  ўхшатилгани  каби, миллий қадриятларимиз билан диний қадриятларимиз бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган.

Бугунги кунда диний ва миллий маросимларни тўғри ташкил этишда, соф ислом динини аёллар ўртасида ҳанафийлик мазҳаби асосида етказиб, аёлларни қон-қонига сингиб кетган бидъат хурофотдан чиқариб, маънавият ва маърифатга чорлаш, аёллар ва ёшларни турли ёт ғояларлардан ҳимоя қилишда  отинойиларнинг  вазифаси  катта.

Шоҳу гадони тарбия қилувчи мураббийни (онани) тарбиячиси отинойидир.

Улар фарзандлари олдидаги тарбия бурчларини  мукаммал  адо этишлари, ёшларни никоҳдан олдин оилавий ҳаётга тайёрлаши, шариат ҳукмларини тўла билиши, оила ва оилавий муносабатлар  ҳақида билимнинг, эр-хотинларнинг ўзаро муносабатиларида сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслиги ҳам оила бузилишига сабаб бўлишини ёшларга сингдиришлари лозим.

         Оилаларни  бузулишини олдини олишда  ёшларга сабр ва бағрикенгликни чуқур сингдиришлари керак. Ёш оилаларга ота – оналарнинг аралашмасликларини сингдиришлари лозим. Оиланинг  бузилишига сабаб бўладиган нарсаларнинг  бири зинодир. Ёшларга сабр, кечиримлилик, ҳалоллик, поклик,  оилага ҳиёнат қилмаслик борасидаги насиҳатларини  мунтазам равишда олиб боришлари  бугунги кун талабидир.

Ёшларни телевизор ва  уяли телефонлардан тўғри фойдаланишга ундаш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одобини ёшларга сингдириш, ҳаё билан кийиниш, ҳаёсиз кийимлар киймасликни, миллатимизга хос ва замонамизга мос бўлиб кийинишни, кийиниш маданиятини қизларимизга сингдиришда отинойининг ўрни каттадир.

Х.Кенжаев

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *