ҚАНОАТ ИНСОН УЧУН ФАЗИЛАТДИР

Аллоҳ таолонинг бандасига берган  ризқига ҳар-бир инсон қаноат қилиши ва шукр қилиши лозим.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳамда оилалари учун содда ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр қилганлар. У зотнинг бундай қилиши тўкин ҳаёт кечириш имкониятлари йўқлигидан ёки ноилож қолганларидан эмас, балки фақирона кун кўришни афзал билганларидандир.

Расулулллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутоҳҳаралари ҳам сабр ва қаноатлиликда бошқаларга ўрнак бўлганлар.

Аллоҳ тоборака ва таоло бундай марҳамат қилади: “Эй Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай! Борди-ю, Аллоҳни, унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб, 28–29).

Муҳтарама оналаримиз Аллоҳнинг ризосини, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга яшашни ихтиёр этиб, борига қаноат қилиб, бошқа муслима аёлларга ўрнак бўлиб камтарона ҳаёт кечирдилар.

Қадимда улуғ зотларнинг солиҳа аёллари ва фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: “Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўззах азобига бардош беролмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келишдан сақланинг”, дер эканлар.

Афсуски, айрим инсонлар  топиб турган ризқларига қаноат қилмай, ишлаш учун ўзга юртларга бориб, манфур кимсаларни алдовига  учиб, одам савдоси қурбонига айланишаётган ватандошларимиз қанча. Доно халқимиз бежизга: “Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши” дейишмаган. Ота-онанг ҳамда ўз оилангнинг бағрида бўлиб, борига қаноат ва шукр қилишликка нима етсин.

Жамиятимиздаги кўпгина иллатлар, жиноятларнинг келиб чиқишининг сабабларидан бири, инсонларда қаноатнинг йўқлигидан. Қаноат қилган инсон хорликдан, бахтсизликдан нажот топади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ нажот топибди” (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки нафснинг тўқлигидадир” (Муттафақун алайҳ), дейилади. Демак, хотинлар ўз эрларидан, фарзандлар ота-оналаридан уларнинг тоқатидан ортиқ нарсани талаб қилмасликлари, балки борига қаноат қилиб, шукрли, сабрли бўлишлари зарур, анашундагина инсон бахтиёр бўлади, оилалар ҳам, жамиятимиз ҳам обод бўлади.

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *