ТАДБИРДАН МАМНУНМИЗ

 Хоразм вилояти отинойилари билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирдан отинойилар жуда мамнун бўлдилар.

    Хоразм вилояти  отинойилари билан вилоятимиздаги тарихий жойларга саёҳат  уюштирилди.

     Отинойилар Хоразм вилояти кутубхона марказига ташриф буюрдилар. Хоразм вилояти кутубхонасининг ташкил этилиш тарихи, кейинчалик кутубхона марказига айлантирилиши бўйича кутубхона маркази директори Рахимбой Қурбанов Хоразм вилояти кутубхона маркази фаолияти, мамлакатимиздаги замонавий кутубхоналар, ахборот-ресурс марказларини  ташкил этиш ва янада ривожлантиришга қаратилган эътибор тўғрисида маълумот бердилар. Кутубхона марказида  600 000 дан зиёд китоб фонди мавжуд бўлиб, 1998 йил “Маъмун академия” сида, Урганч туманида ташкил қилинган “Улли ҳовли” га ҳам ўзбек-туркман тилидаги китоблар берилиб, шу жойларда кутубхона ташкил қилинишига ёрдам берилган. Кутубхона  марказига чет давлатларнинг ускуналари ўрнатилган. Ана шу  ускуналар ёрдамида китобни қирқиш, китобдан нусха кўчириш (электрон вариантда), яна китоб холига келтириш ишлари бажарилади. Бу ишларни бажаришга ҳаммаси бўлиб  5-10 дақиқа кетади халос.  Ташриф давомида отинойилар кутубхонадаги нодир китобларнинг сақланиш ҳолати ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида  атрофлича маълумотга эга бўлдилар.

     Кейин Хоразм вилояти отинойилари 2018 йил охирида ишга туширилган “Охун бобо” жоме масжидида бўлиб, у ердаги ободонлаштириш, бунёдкорлик  ишлари билан танишдилар.  Ниёз Муҳаммад Охунд ҳазратлари тўғрисида, “Охунбобо” масжидини қайтадан қурилиши, унга сарф қилинган маблағ ва бошқа масалалар билан танишдилар.

     Шунингдек  “Юсуф  Ҳамадоний” зиёратгоҳида бўлдилар. Юсуф Ҳамадоний бобомиз  илм-маърифат тарқатган, кишиларни ҳидоят йўлига бошлаган. Отинойиларимиз бобомизнинг қолдирган маънавий меросидан ибрат олдилар. Қабристон зиёратига келган зиёратчилар зиёрат қилиш одобларига риоя қилиш кераклигини тушуниб етдилар.

     Хива шаҳридаги Шерғозихон мадрасаси (1720 йилда қурилган)га ташриф буюрдилар. Шерғозихон мадрасасида миллати туркман бўлган Махтумқули (1724-1807) таълим олган, миллати қозоқ  бўлган Бекет ота(1750-1813)  устози Бақиржон бободан таълим олган.

     Шундан сўнг, Паҳловон Маҳмуд мақбарасига ташриф буюрдилар.         Паҳловон Маҳмуд (1247-1326) Хива шаҳрида туғилган. Машҳур ҳунарманд, пўстиндўз уста, буюк файласуф шоир бўлган. У Хоразмнинг кўп шаҳарларида, ҳатто Ҳиндистонда ҳам бўлган. Машҳур полвонлар билан кураш тушган, ҳеч қаерда енгилмаган. Бутун умр елкаси ерга тегмай, юртимизнинг бош полвони бўлиб юрган. Машҳур полвонни халқнинг ғамҳўри, ажойиб ватанпарвар ва шоир сифатида тилга оладилар. Халқ уни “Паҳловон Маҳмуд”, “Полвон ота”, “Ҳазрати Паҳловон пир” деб эъзозлайдилар. Паҳловон Маҳмуд мақбараси ўзбек, туркман, қароқалпоқ ва бошқа халқларнинг зиёратгоҳидир. Мақбара 1810 йил қуриб бошланган, 1825 йил қуриб битказилган. Ҳозирги вақтда 98% аввалги ҳолати сақланган. 2% реставрация ишлари олиб борилган. Мақбаранинг ўрни Паҳловон Маҳмуднинг уйлари(устахонаси) бўлган. Мақбарада Паҳловон Маҳмуднинг қабрлари, Муҳаммад Рахимхоннинг қабрлари, унинг ўғли Аллақулихон қабрлари бор.

Мақбарага кирган жойнинг шифтида қуйидаги тўртлик битилган:

                    

                       Уч юз Қўҳи Қофни келида туймоқ,

                       Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ.

                       Ёинки, бир аср зиндонда ётмоқ,

                       Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ.  

Бу тўртликда жуда катта маъно бор, нодон киши билан суҳбатлашишдан ўзимизни сақлашимиз керак.

      Кейин “Нуруллабой” саройидаги тарихий обидалар “Ҳунармандчилик буюмлари”, Худайберган Девановнинг(1879 йил Хивада туғилган) расмчилик галлереяси, Кинога олиш жараёнлари акс эттирилган хоналар, Исфандиёрхоннинг қабулхонаси (1911-1913 қурилган), (хоналар Европа усулида безалган, шипига рус рассомлари безак берган), хоналарнинг безакларини кўриб ҳайратда қолдилар.

      Шунингдек Маъмун академияси ишлари билан танишдик. Академияда ташкил қилинган музейдаги экспозиция, буюк аждодларимиз ҳақида, Буюк олим Абу Райҳон Беруний бобомиз илм-маърифатга қўшган ҳиссалари ҳақида, Абу Али ибн Сино(980-1037) бобомизнинг фалсафа, тиббиёт фанлари бўйича ёзган асарлари ҳақида, Зардуштийлик дини билан боғлиқ топилмалар, “Авесто” зардуштийлик дини китоби(мелоддан олдинги 1000 йилликда ёзилган)  қисқа қилиб айтадиган бўлсак “Хоразм тарихи ва маданияти” доимий экспозицияси ташкил қилинганлиги ҳақида шу экспозиция мудири Ражапов Зокир Пўлатович жуда ҳам чиройли қилиб тушунтириб бердилар.

     Ҳар бир тадбирдан отинойилар жуда ҳам мамнун бўлдилар. Тарихни ўрганишни, ҳар ким ўзи яшаб турган маскандан бошлаши кераклигига амин бўлдилар.

    Ушбу тадбирларни мазмунли, самарали ўтишида катта хизмат қилган ЎМИ Хоразм вилояти вакиллигига ва тегишли ташкилотлар раҳбарларига вилоят отинойилари ўз миннатдорчиликларини билдирдилар, шундай  хайрли ишларда бардавом бўлишларини Аллоҳдан дуо қилиб сўраб қолдилар.

 

Р.Кадирова

ЎМИ  Хоразм вилоят вакиллиги хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *