КЕЧИРИМЛИЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК СИЁСАТИ АДАШГАН ФУҚАРОЛАРНИ ФАОЛ ҲАЁТГА ҚАЙТАРМОҚДА

Кечиримлилик, бағрикенглик халқимизга хос қадим қадриятлардан саналади. Муқаддас динимиздаҳам банда билиб-билмай хато йўлга кирса, сўнг хатосини тан олиб, тавба қилса барча қилмиш гуноҳ ишлари кечирилиши, зиммасидан соқит бўлиши белгилаб берилган.

Ўтган даврда хукуматимиз олиб борган инсонпарварлик сиёсати туфайли кўпгина адашиб диний экстремистик оқимларга кўшилиб қолган фуқаролар ҳаётга қайтдилар. Юртбошимиз ташаббуслари билан ҳар йили эълон қилинаётган умумавф жараёнида ана шундай фуқаролар қамоқлардан озод қилиниб, оилалари бағрига қайтиб, барча сингари ўз касби кори билан жамиятимиз ривожига хисса қўшишга ҳаракат қилмоқдалар.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев диний уламолар билан учрашувда бир вақтлар диний экстремистик оқимларга адашиб кириб қолган ва ҳали хамон ўша хатти харакати учун ички ишлар органлари рўйхатида турган фуқаролар билан жамоатчилик асосида чуқур ишлаш орқали уларни рўйхатдан чиқариш ташаббуси билан чиққандилар. Бу инсонпарварлик тамойилларига асосланган хайрли ишлар қисқа фурсатларда ўз самарасини берди.

Урганч шаҳридаги ана шундай фуқароларнинг оилавий ахволини чукур ўрганиш, муносиб турмуш тарзига қайтариш, маҳалла ҳамда жамоатчилик ишларига жалб қилиб, бу борада фуқаровий фаоллигини ошриш мақсадида махсус ишчи гурухлари тузилди. Ўтган қисқа фурсатда таркибида турли соха ходимлари-психолог, шифокор, махалла фаоллари, профилактика инспектори, банк ходими, бандлик маркази вакилларидан иборат ишчи гурухлари билан биргаликда рўйхатда турган барча шахслар хонодонларида бўлдик. Уларнинг ота-оналари, яқинлари билан сухбатлашилди. Оилавий ахволи ўрганилди. Уларга ўз бизнесини йўлга қўйиш учун банклар томонидан имтиёзли қредитлар ажратиш, иш билан таъминлаш, соғлигини тиклаш каби масалаларда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Қачонлардир ғаламис кимсалар алдовига учиб, диний экстремистик гурухларга аъзо бўлган, сўнг қилган хатосини англаб, тавба қилиб, ўз муносиб хаётий йўлини бошлаган, аммо хали ҳамон “рўйхатда туриш” тамғасидан қутула олмаган фуқаролар давлатимиз рахбарининг бу инсонпарварлик сиёсатидан ғоятда мамнун эканликлари кўзларидаги қувонч ёшларидан аён бўлади.

Биргина мисол: 2-сон Феруз номли махалланинг “Дўстлик” кўчаси 26-ханадонида яшовчи, 1979-йилда туғилган Отабек Ёқубовни олиб кўрайлик. У хали олийгоҳда ўқиб юрган кезларида айнан адашиб, диний эътиқоди тўла шаклланмагани учун диний экстремистик оқим таъсирига тушиб қолади. Аммо, кўп ўтмасдан ўз хатосини англаб етиб, тавба қилади. Отабек Ёқубов шахардаги бир қатор мактабларда ва хозирда эса касб-хунар коллежида физика фанидан ёшларга сабоқ бериб келмоқда. Турмуш ўртоғи Алеся Болтева хам олий маълумотли, тадбиркорлик корхонасида хисобчи вазифасида ишлайди улар икки фарзанд- бир ўғил ва бир қизни тарбиялашмоқда.

Ўрганиш жараёнида ички ишлар бўлими рўйхатидан чиқарилган Отабек Ёқубовнинг дил сўзларини хаяжон билан эшитасиз. У ўз миннатдорчилигини кўз ёши билан шундай ифдалайди: “Бир вақтлар ғаламислар таъсирига тушиб, диний экстремистик оқимга қўшилиб қолганман. Ўз хатоимни англаб, халқимдан, Президентимдан кечирим сўраб тавба қилгач менга хеч қандай жазо тайинлашмади, хаётда ўз ўрнимни топишга ёрдам беришди. Аммо ҳали ҳамон рўйхатда турганим ич-ичимдан виждонимни қийнарди. Мактабларда ўқувчиларга сабоқ бераётганимда “бу болалар менинг рўйхатда турганимни билишармикан” деган ўй ичимни тирмаларди.

Шу боис иш жойимни тез ўзгартиришга мажбур бўлардим. Бу рўйхатда туришим нафақат ўзимга, балки яқинларимга ва оиламга гўё бир умр босилган тамғадек кўринарди. Ўйлардимки, эрта-индин қизимнинг бўйи етиб, уйимизга совчилар келишса, одатимизга кўра қандай оила эканлигимиз ҳақда совчи тамон махалладан суриштирсалар ва уларга “бу қизку яхши, одобли, аммо отаси Диний экстремистик оқимга мансуб бўлганлиги сабабли рўйхатда турибди” деб айтишса нима бўлади. Албатта,аксар оилалар бундай одамлардан йироқ юриш керак деб совчиликдан қўл силтаб кетишлари тайин.

Ахир бу билан мен бегуноҳ қизимнинг бир умр ҳаётига зомин бўламанку. Бу ёқда эрта индин ўғлим бирорта қизга кўнгил қўйса, ўша хонадонга қайси юз билан совчи юбораман? Улар суриштирсалар ва менинг “эски тамғам” яна юзага қалқиб чиқса, хеч ким қизини бермаса нима бўлади деган ҳаёл кеча-ю кундуз тинчлик бермасди.

Президентимизга мингдан минг рахмат! Инсонпарварлик тамойилларини олиймақом даражага чиқариб, мени ўша рўйхатдан чиқишимга ёрдам бердилар. Энди қачондир юзимга чапланган бу қора иллатдан тоза бўлдим. Бу яхшиликлари учун Президентимга, юртимизга токи танда жоним бор экан, сидқидилдан хизмат қилишни умрим мазмуни деб биламан. Оила аъзоларимнинг бу хабарни эшитиб, қанчалик қувонганликларини таърифлаб беришим қийин… ”

Ўрганиши давомида гурихимиз аъзолари бундай эътирофларни, қувонч кўз ёшларини қанчалаб кўришди. Диний экстремистик оқимга қачонлардир адашиб кириб қолган ва рўйхатга олинган фуқароларнинг ота-оналари, яқинлари айтмиш дил сўзлари, миннатдорчиликларини эшитиш яхши. Айни патда бу барчамизга масъулият юклайди, биринчи навбатда бугун рўйхатдан тушиб, бошқалар қатори тўла хуқуқли фуқаро бўлган кишиларга, уларнинг ота-оналари, яқинларига. Негаки, халқимизда “кўр хассасини бир марта йўқотади” деган мақол бор, буни унутмаслигимиз керак.

Ишчи гурухимиз “ўз болангни ўзинг асра!” шиорини хаётга тадбиқ қилиб, барчамиз учун бардавом иш йўсинига айлантириш мақсадида келгусида хам ана шундай фуқаролар холидан, оиласидан хабардор бўлиб туришни, уларга амалий ёрдам беришни мунтазамликка айлантиришни бош мақсад қилишган.

Ҳалқимизга хос кўп қадим қадрият-кечиримлилик, бағрикенглик сиёсати туфайли жамиятимизда соғлом муҳит янада барқарор бўлиши, тинч, фаровон турмушимиз янада тараққий этиши шубҳасиздир.

Хасанбой Кенжаев

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *