ИСРОФ НЕЪМАТЛАР ЗАВОЛИДИР

Аллоҳ таоло инсонга ер юзида умргузаронлик қилиш учун кўпдан кўп неъматларни ато қилган. Жумладан, Наҳл сураси, 18- оятида: “(Эй бандаларим) агар сиз Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз адоғига ета олмайсиз”, деб марҳамат қилади. Яратган зот берган нематларига, шукр қилишга буюради ва уни исроф қилишдан қайтариб: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31).

Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.

Жамиятимизда баъзи “саховатли” кишилар тарафидан қилинаётган тўй ва маъракалардаги исроф, айни динимизда қораланган ва неъматнинг заволига сабаб бўлувчи амалдир. Қуръони каримда ҳақиқий мўминларни сифатлаб шундай дейилган: Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар” (Фурқон, 67).

Тўйларимиздаги бўлаётган исрофгарчиликлар, оилаларнинг бузилиб кетишига, қуда анда ва қариндошлар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатларнинг юз беришига, албатта, ўзимиз сабабчимиз. Ёшларга неъматларга шукр қилишни ўргатиш ва ўрнак бўлиш ўрнига, уларга ким ўзарчилик ва исрофда ўрнак бўлмоқдамиз. Нафсимизнинг ортидан қувиб у хоҳлаётган ҳамма нарсани бажараверсак, албатта, у бизни ношукрлик ва исрофгарчиликка бошлайди. Чунки, Юсуф сураси 53 оятида: Албатта нафс ёмонлликка буйрур” дея марҳамат қилинади.

Ҳою ҳавас ва битмас туганмас орзуларимизни амалга ошираман, мени фалончи бундай тўй қилди, деб атсинлар деган ниятда неъматларни исроф қилавериш жуда ёмон оқибатларга олиб келади.

Динимизда ибодат учун зарур бўлган таҳоратда ҳам исроф қилишдан қайтарилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг таҳорат олаётиб сувни меъёридан ортиқ ишлатганини кўриб қолдилар.

Ҳой, Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?” – дедилар. 

Эй Аллоҳнинг расули, таҳоратда ҳам исроф бўлурми?” – сўради Саъд розияллоҳу анҳу. 

Шунда У Зот: “Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам”, дедилар. 

Пайғамбаримиз алайҳисалом ўз кўрсатмаларида ҳаттоки еб ичишдаги меъёрларни ҳам белгилаб бериб: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, ичимлиги учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бирдир, деб марҳамат қилганлар. (Термизий ривояти.) 

Хулоса ўрнида ҳазрати Умарнинг р.а сўзларини келтириш ўринлидир: “Бир неъматнинг завол бўлишига исроф етарли сабаб бўлади”. Шундай экан, жамиятимиз ривожи, иқтисодиёти ва маънавиятига катта зарар келтирувчи иллат- исрофгарчиликка чек қўйиб, ёшларни ҳам манашу эзгу мақсад йўлида тарбиялайлик.

Искандаров Қаҳрамон

Боғот тумани Абдол бобо масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *