БИРОВНИ МОЛИНИ БОТИЛ ЙЎЛ БИЛАН ЁЙИШ ҲАРОМ

Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро молларини ботил йўллар билан ейишдан қайтаради. Аллоҳ таоло қуръони каримда шундай дейди:

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўллар билан емангиз”! (Нисо сураси 29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.

Одамларни норози қилиб, уларнинг маблағларини ўзлаштирадиганларни топган ҳаром луқмалари уларни дўзахнинг тубига тортади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлардан ҳар бир киши оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан кўра хайрлироқдир”. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди»” (Имом Абу Яъло ва Имом Баззор ривоятлари).

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

яъни: “Пора берганга ҳам, пора олганга ҳам, улар ўртасида воситачи бўлганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).

Пора берувчи жамиятда белгиланган низомни бузган, адолатли қонун мажмуасини ўз фойдасига ишлатган, ҳақсизлик қилиб ишини бажариб кетган ҳисобланади. Пора олувчи виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади. Порахўрлик дунёнинг деярли ҳар бурчагида илдиз отган разил бир иллатдир. Амалдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда давлат мол-мулкидан фойдаланиши жамиятнинг турли хил жабҳаларда ўсиш ва ривожланишдан тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолиши, одамларнинг ўз ҳаётларини ўзгартиришга қаратилган ташаббусларининг йўққа чиқиши сингари ўта салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Шунинг учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

яъни: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқ йўлида минг ҳаракат қилса ҳам,  Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди.

Видолашув ҳажида Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар:

яъни: “Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди” (Имом Бухорий ривояти).

        Ҳалол луқма қалбга нур, тилга ҳикмат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: яъни: “Ким қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради” (Имом Абу Нуайм ривояти). Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади. яъни: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).

         Бировни ҳаққидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмаслиги ва қилинган ибодатлари бекор бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

яъни: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулаллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?”, – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, – деб жавоб бердилар (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло қиёмат кунида қилган яхшиликларимизни тўзғиган ғуборга айлантириб қўймаслиги учун барчаларимизни ҳаромдан хазар қиладиган бандалардан қилсин.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *