МУҚАДДАС ДИНИМИЗДА СИЛАИ РАҲМ ТУШУНЧАСИ

“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош (онанинг бачадонини ҳам раҳм, дейилади), яъни “қариндош уруғлик алоқаларини боғлаш” деган маънонибилдиради. Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир. Силаи раҳмга энг ҳақдор кишилар ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошлардир. Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. Авваламбор билмоқ лозимки, муқаддас Ислом динида буюрилган барча амаллар инсоннинг фойдаси учун ва ман қилинган яъни тақиқлаган ишларнинг барчаси эса инсоннинг зарарида бўлгани учундир. Қуйида бир Ҳадиси шарифнинг ҳикмти ва мазкур ҳадиснинг замонавий илмлар асосида бир ярим минг йилдан кейин ўз исботини топган воқиий ҳикояни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтибдурлар:

“Ҳар ким ризқ-рўзи кенг бўлиши ва умри узун бўлишини истаса, бас, албатта, силаи раҳим қилсин!” Силаи раҳим, яъни қариидош-уруғлардан хабар олиш ва уларга муҳаббат қилиш кишининг узоқ умр кўришига боис бўлади.  Байт:

Силаи раҳим умрни узоқ қилур,

Аллоҳ ризоси ҳам ушандан келур.

 Шунингдек, Ота-Онага ва барчага яхшилик қилмоқ, қўшнилар билан доим яхши муносабатда бўлиш,  муҳтожларга эҳсон қилиш, кишиларга ранж-озор етказмаслик, қарияларни қадрлаш, ҳурматлаш, салом бермоқ, олимлардан, улуғ ёшли художўй, орифлару обидлар, ота-она, устозу пирлардан  дуо олмоқ ҳам умрнинг узун бўлиши, ризқ рўзнинг кенг бўлиши, бало ва қазонинг қайтиши ва барча ишларнинг ривож топишига асосий омил эканлиги ҳақида муборак ҳадиси шарифларда ворид бўлган..

Яхшилардаи дуо сўранг ҳар қачон,

Сизга умр берур Раббим бегумон.

Тонгда уйқудан турмоқ, комил таҳорат олмоқ, таъзим ва таъдили аркон билан намоз ўқимоқ ва одоб билан Қуръон ўқимоқ умрнинг узун ва баракали бўлишига боис бўлади.

  Ҳар ким эрта туриб олса таҳорат,

Тонгда турмокликни айласа одат,

                                         Бул бари  умрни айлагай узоқ,

 Дарду иллатларни кетказур мутлоқ.

 Инсон ўз саломатлигини сақламоғи, яъни пафсини хатарли-ҳалокат   келтирадиган   ишлардан,   иссиқ-совуқдан,  сув-оловдан,  зиёнли  ва ёқимсиз таом ва шароблардан, беҳуда андиша ва хаёллардан, турли беморликлардан, эҳтиёт қилиб асрамоғи гўзал ҳаёт кечириб, узоқ умр кўришига сабаб бўлиши ҳам муқаддас Ислом дини мўътабар манбаларига ворид бўлган.  Қуйида   бугунги  дунявий ва ғайри исломий олимларни мазкур диний тавсиялар бўйича тадқиқотларини исбот ва ибрат учун эътиборингиза ҳавола этамиз.

Манбаларда келтиришича Американинг Сардиния оролида яшовчи
100 (юз) ёшлилар Шимолий Америкадагиларга қараганда 10 (ўн) марта кўпроқ экан. Олимлар бунинг сабаби ҳаётга ижобий муносабатда бўлиш ҳам, Ўртаер денгизи парҳезида ҳам эмаслигини аниқладилар. Ривожланган мамлакатларда аёллар эркакларга қараганда ўртача олганда 6-8 йил узоқроқ умр кўрар экан. Аммо аёллар ва эркаклар бир хил ва узоқ умр кўрадиган бирдан-бир жой бу Сардиния ороли ҳисбланар экан.

Америкалик олим Саюзан Пинкер бу камдан-кам учрайдиган ҳодисага қизиқиб тадқиқот олиб боришга қарор қилди. У кўплаб узоқ умр кўраётганлар билан сўҳбатлашди ва охирида муносабат ва овқатланишнинг узоқ умр кўришга таъсири йўқ деган хулосага келди ва унинг сабабини мулоқот қилишда топди. Зеро Сардинияда одамлар бутун ҳаёти давомида ҳар доим қариндошлари, дўстлари, қўшнилари қуршовида бўлишиб ҳеч қачон ёлғиз яшамас эканлар. Улар бошқа жойларда яшовчилардан шуниси билан фарқ қилар эканлар.

Шунингдек руҳшунос Жулианна Холт-Ланстед минглаб қари кишилар ҳаётини ўрганиш билан узоқ умр кўриш борасида кўплаб тадқиқотлар ўтказди. Уларнинг ҳаётий ҳолатлари: овқатланиш, жисмоний фаоллик, оилавий аҳволи, тиббий кўрикларнинг тезлиги, зарарли одатларини  ҳамма томондан ўрганиб чиқди ва етти йилдан кейин у узоқ умр кўришнинг асосий сабабини қуйидаги икки омил: яқин муносабатлар ва ижтимоий интеграция таъсирида эканлиги  хулосага келди.

Яқин кишиларга, зарур бўлганда сиз ундан бемалол қарз сўрай оладиган, оғир ва мусибат ҳолатларда ёнингизда турадиган, бемор бўлсангиз ҳолингиздан хабар оладиган кишилар киради ва сизнинг ёнингизда айнан шундай одамларнинг бўлиши  узоқ ва баракали умр кўришингизга сабаб бўлади.

Иккинчи омил ижтимоий интеграция кун давомида сиз нафақат яқинларингиз билан, балки бошқалар билан ҳам яхши муносабатда бўлишингиз  ҳам файзли ва мазмунли умрга сабаб бўлади.

Ҳозирги вақтларда кўпроқ  электрон мосламалар ёрдамида алоқа қиламиз. Бу ҳам яхши амал. Аммо буни шахсий ва юзма-юз мулоқотда  бўлиш билан тенглаштириб бўлмайди.

Ш.Болтаев

Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *