УНУМДОР ЕР БАРАКА КАЛИТИ

Аллоҳ таоло бизга ер неъматини берди ва бу неъматдан фойдаланиб ризқимизни топишлигимиз учун шароитлар қилиб берди. Бу шароитлар нималардан иборат: ернинг хосилдорлиги, иқлимнинг мўтадиллиги қўйингки бир уруғ ерга қадалиб ундан мева чиққунига қадар бўлган барча шароитларни Роббимиз бизларга берди. Биз бандалардан талаб қилинган нарса эса, бу берилилган имконийятлардан фойдаланган ҳолда, ердан унумли фойдаланиш қолди холос. Агар у қадар имконийятлар бўлатуриб ер неъматидан фойдаланмасак, албатта биз энг ношукур бандалардан бўламиз. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзилар унумдор ерга эга бўлиб, уни қаровсиз ҳолда қолдириб, на ўзлари ва на бошқалар ундан фойдаланмаётганига гувоҳ бўламиз. Мана шундай қилиш ҳам ерни исроф қилиш ва ҳаққини адо қилмасликка киради.

2021 йил 8 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан муҳим бир Фармон имзоланди. Унга кўра ер ресурсларидан унимли фойдаланиш, уни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларига бутунлай чек қўйиш белгиланган.

Дарҳақиқат, ер, сув, кўчат ва бошқа деҳқончилик билан боғлиқ нарсаларни исроф қилмаслик, авайлаб ва эҳтиёт қилиб фойдаланиш зарур эканини унутмаслигимиз лозим.

Мана шу ўринда, баъзи кишилар онгида шаклланиб қолган моддий бойликлар, жумладан ер ҳам “давлатники бўлса, хоҳлаганча фойдаланиш, талон-тарож қилиш мумкин”, деган нотўғри тушунчалар ниҳоятда хатарлидир. Чунки давлат мулки – халқ мулкини ноҳақ эгаллаш, якка шахс мулкини эгаллашдан гуноҳи каттароқ бўлади. Зулм қилган бўлса, бир кишини топиб рози қилиш мумкин, лекин халқнинг ҳаққига хиёнат қилса, миллионлаб одамларни қандай рози қилади?!

Касбларнинг энг яхшиси ҳалол савдодир. Ундан кейин эса чорвадорлик, деҳқончилик ва ҳунармандчиликдир. Хабарларда бундай дейилган: «Касбнинг афзали ҳалол савдогарлик ва ўз қўли билан қиладиган касбидир»; «Ризқнинг ўндан тўққиз қисми савдогарчиликда, бир қисми эса чорвачиликдадир»; Пайғамбаримиз муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларки: «Қўй боқинглар, чунки у баракадир»; «Деҳқончилик қилинглар, чунки у баракали касбдир»;  Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, у кишининг машҳур сафдошларидан Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф ва бошқалар савдогар бўлишган. Исломгача ҳам, Исломда ҳам тожирлик (савдогарлик) энг шарафли, катта фойда келтирувчи ва мақталган касблардан саналган.
Аллохга бехат шукурлар бўлсинки шу кунларда жаннатмакон юртимизнинг барча жойларида Миришкор  дехқонларимиз далаларга отланишиб, жорий йил хосили мўл – кўл бўлишини тавфир ва барака тилаб шарафли ва машаққатли ишларни давом эттирмоқдалар. Аллох таъоло инсон зотини яратгандан сўнг, унга ер юзида яшаши учун кўп нарсаларни яъни таърифга тил ожиз турли неъматларни ато қилди. Наботот олами Аллохнинг энг улуғ неъматларидандир. Одамларнинг зироатчилик, боғдорчилик ва бошқа касбларни олиб боришлари учун, осмондан сув ёғдириб қўйди. У билан барча жонзот ва набототга ҳаёт берди. Экинлар-у мевали дарахтларни ўстириб, уларни ризқини фаровон қилди.
Барчаларимизни дастурхонларимизни дехқон ва сохибкорларимиз, чорвадор ва боғбонларимиз етиштирган турли нози неъматлар безайди. Бу неъматларни суюб истеъмол қиламиз, уларни етиштирганларга барака тилаб дуолар қиламиз. Дехқончилик ва зироатчилик улуғ фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда ва хадиси шарифларда боғлар ва далаларнинг хосили Аллох таъолонинг изми ва иродаси билан етилиши ва хосил бериши баён этилган. Бу эса дехқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллохни назари остида эканига далолат қилади. Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қай бир мусулмон бирор кўчат экса ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жанивор еса, эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллох таоло дехқонларимизга, боғбонларимизга ва барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги хосиллари мўл – кўл бўлишини ва хосилларини хеч нобуд қилмай йиғиб териб олишларини тилаб яхши дуолар қиламиз. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, деҳқону боғбонлар йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, пахта ва бошқа экинлар ҳосилини тезликда йиғиштириб, сарҳисоб қиладиган кунларгаҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи сер унум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Аллоҳ таоло шундай мрхамат қилади. “Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Раббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат унумсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда такрор-такрор баён этурмиз”. Дархақиқат бозорлардаги тўкин сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар –оятда таькидланганидек – Парвардигоримизнинг изни билан униб ўсмоқда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқлиги, севиб ардоқлашга муносиблиги ва жаннат мисол эканлиги барчамизни фахрлантиради. Деҳқончилик ва зироат улуғ фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлардаги турфа ва ранг-баранг мевалар ва далалардаги буғдой, пахта кабиларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг мехнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади.
Бунга мисол қуйидаги оятлардир: “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб ) чиқиш ҳам мана шундай бўлур”. (Қоф сураси, 9-11оятлар) Она диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса қишлоқ минтақаларида яшовчи хар бир инсонга асосларидан бири-бўлган – дехқончилик, пахтачилик ва зироат экани яхши маьлум.

Ҳозир ватанимизнинг қайси бир худудига борманг Аллоҳнинг марҳамати ва деҳқон меҳнати, қалб қўри билан етиштирилган пахта, дон, сабзавот, полиз ва боғлардаги мўл-кўл ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиштириб олинаётганига гувох бўламиз. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш, ҳалқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини кўплаб етказиш, уларни қишки мавсумга захира этишда кўп куч ва ғайрат сарфламоқдалар. Катта меҳнат эвазига етиштирилган барча турдаги ҳосилни авайлаб сақлаш ва уни исроф қилмаслик ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб, пахта далаларида катта меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмай, териб олишда ҳозирги очиқ-ойдин кунларни ғанимат билайлик. Ризқу-рўзимиз, миллий бойлигимиз – пахта ва бошқа ҳосилини ҳеч бир нес-нобуд қилмай териб олишда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

С.Сапаев

Хива тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *