ДЕҲҚОНЧИЛИК ҲАЙРЛИ КАСБДИР

Деҳқон ерга эрта баҳорда бисмиллоҳ деб ерни экишга тайёрлайди, уруғ сепиб, уруғни ердан униб чиқишини осон ва беталофот ҳамда тезлаштиш учун ерни чопади, ўғит беради, суғоради, бегона ўтлардан тозалайди. Ҳосилнинг мўл бўлиши албатта об-ҳавога, ҳавонинг иссиқ-совуқлиги, унинг намлиги, осмондан ёғиладиган ёмғир-қор, ҳатто эсаётган шамолга боғлиқдир! Қуёш ўсимликни илдизи орқали олган озуқасини танасига сингдирса, ой ёғдуси гулларига ва меваларига ранг бериб, унинг пишиб етилишига ҳизмат қилар экан.

Аммо деҳқоннинг муродини ҳосил бўлиши унинг ниятига ҳам боғлиқдир! Деҳқон холис Аллоҳ йўлида кўпчиликнинг ризқи бўлсин, деб уруғ қадаса ёки мевали дараҳт кўчатини экса албатта ҳосили баракали бўлиши аниқ!

Динимизнинг энг муқаддас китоби Қуръони каримнинг «Воқеа» сурасида Аллоҳ таоло «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!» дея биз инсонларга ҳикмат ила савол билан мурожаат қилмоқда. Бу савол билан инсонлар экаётган зироатларига назар ташлашлари, униб-ўсиши тўғрисида ҳам фикрий, ҳам амалий эътиборда бўлишларига чақирилмоқда.

Зеро, Қуръон оятларига суянган ҳолда айтиш мумкинки, деҳқончилик, боғдорчилик ва зироат билан шуғулланиш шарафли вазифа. Бу соҳа кишиларига доимо Аллоҳ таоло мадад беради. Чунки, улар ерга ниҳол ёки уруғ қадар эканлар, доимо Аллоҳ билан боғланиб, ундан ҳосилнинг унумдор бўлишини сўрайдилар. Ўз тажрибаларига суянган ҳолда барча ишни бажариб, яна Аллоҳга таваккал қиладилар ва бунинг самараси ўлароқ ҳосиллари баракотли ва ҳамда даромадли бўлади. Шуларни ҳис қилган киши деҳқончилик ишларига жиддий эътибор беради, унга муҳаббат ва маъсулиятни ҳис қилган ҳолда ёндашади. Етиштирилаётган ҳосил инсонларга ризқ қилиб берилган экан, ана шу ризқ учун бефарқ муносабатда бўлиб қолишликдан сақланиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундан деганлар: «Мусулмон киши экин экса, кейин бирор қуш, инсон ёки ҳайвон ундан эса, бунинг учун эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади» деб Анас ибн Молик ривоят қилади. Демак, кўчат ўтказган ва экин эккан кишининг меҳнати ҳеч қачон зое кетмайди. Ундан еган барча жонзотлар орқали соҳибига садақа савоби ёзилиб туради.

Биз мўмин мусулмонлар ҳам ерга қадар ҳар бир уруғлар, экилган экинларнинг баракотли, иллат офатсиз мўл ҳосил беришини, ҳамда деҳқонларимизга куч-ғайрат, умид қилган ҳосил режаларини тўла-тўкис амалга ошишини худойи таолодан сўраймиз. Парвариш қилинаётган барча экин, зироатлар қатори пахта деҳқончилигимизни ҳам ҳар хил зарарли кушандалардан, балойи офатлардан Ўзи асрасин, деҳқонларимизнинг зироатларига барака берсин.

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *