ҲАМ БИДЪАТ, ҲАМ ИСРОФГАРЧИЛИК

Мусибат тушган хонадонда марҳум дафн қилингандан кейин  “етти”,”пайшанбалик” “қирқ” “юз кунлик” ва “йил оши” каби маросимлар ҳалиям сақланиб келаяпти. Олий Мажлис Сенатининг тўй ва маросимларни тартиб солиш тўғрисидаги қарорида айнан мана шундай ножоиз, ортиқча исрофгарчиликларга олиб келадиган маросимларни ўтказмаслик ҳақида маҳаллий ҳокимликлар ва кенг жамоатчиликка топшириқ ва кўрсатмалар берилганди. Аввалида бунга бир қадар риоя қилинди, аммо вақт ўтиши билан айрим ҳудудларда маросимлар эскичасига давом қила бошлади.  Яна марҳум вафот этган куни ва бошқа бидъат маъракаларида жонлиқ сўймоқ ва турли таомлар пишириб, келганларга тарқатмоқ каби ножоиз одатлар баъзида “кимўзар” кўринишини олгани жудаям ачинарли.

    Хўш, динимиз арконлари бу борада нималарни буюрганлар ва нималардан тийилишни лозим топганлар?

    Шу ўринда бир неча ислом уламолари ёзиб қолдирган ва шаръий жиҳатдан тўғри деб топилган фикрларни келтириб ўтсам.

    Бизнинг мазҳабимиз ҳанафийлик. Ҳанафий олими Камолиддин ибн ал-Хумом раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя”нинг шарҳи” “Фатҳ ал-қадир” асарида бундай дейдилар:”Маййит эгалари томонидан таом пишириб, зиёфат ташкил қилиниши макруҳ бўлади. Чунки, зиёфат одатда хурсандчилик кунларида уюштирилади, оғир мусибат кунларида эмас. Бу каби зиёфатлар қабиҳ бидъатлардандир”.

     Ақоид илмига оид “Қасидат ал-амолий” рисоласининг муаллифи Сирожиддин ал-Ўший раҳимаҳуллоҳ “ал-Фатово ас-сирожия” номли фатволар тўпламида шундай дейдилар:”Мусибат вақтида уч кун ичида зиёфат қилиш мубоҳ бўлмайди”.

    Ҳанафий олимларининг таниқли тадқиқотчиларидан бири Мавлоно Алий ал-қори раҳимаҳуллоҳ”Мирқотал-Мафотиҳ” асарида Жаъфар розийаллоҳу анҳунинг оиласига таом чиқарилгани ҳақидаги хадиснинг шарҳида бундай дейдилар :”Уй эгаларининг одамлар жамланишини ҳисобга олиб, майит (муносабати) учун таом тайёрлашлари макруҳ бидъатдир. Балки, Жарир разийаллоҳу анҳудан:”Биз уни овоз билан бўладиган йиғи-сиғидан ҳисоблар эдик”, деган саҳиҳ ривоят келган. Бу хабар ҳаром деб ҳукм қилиш учун зоҳир, очиқ-ойдин ҳужжатдир!”

     Ҳанафийлик фиқҳига оид фатво тўпламларидан бири “Фатовойи Баззозия”да эса уч кундан кейин ҳам, ҳатто етти ва ҳайит кунлари ҳам таом тайёрлаш макруҳ дейилган.

      Тўғри, шаръиатда вафот этган инсон номидан ҳайру эҳсонлар қилиш, яъни бирорта шаръий амални инсонни ўзи адо қилиб, унинг савобини марҳум ота-онасига, яқин биродарига бағишлаши мумкин. Савоб шак-шубҳасиз  вафот этган кишига етиб боради. Аҳли суннат ва жамоатнинг иттифоқ қилган масалаларидан бириси ҳам шу. Аммо, бунда умумий қилиб, вафот этган инсонга кун тайин қилмаслик керак. Кун тайин қилиш, яъни ўша  “етти” “қирқ” ёки эллик икки кунлик маросими тарзида ўтказиши тамомила бидъат амал ҳисобланади ва бу билан қилаётган савобини ҳам йўққа чиқаради.

     Ушбу борада диний соҳа вакиллари, маҳалла  имомлари кенг жамоатчилик орасида тушунтириш ишлари олиб боришлари керакки, халқимиз бу бидъат ва ортиқча исрофгарчиликка йўл очадиган амаллардан тезроқ қутилса.

 

М.Қурбонбаев

Гурлан тумани “Шайх Жалолиддин Гургоний бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *