ИСЛОМДА ТАФРИҚАГА БЎЛИНИШНИНГ ЗАРАРИ ЁХУД ҲИЗБИЙЛАР ФИТНАСИ

Маълумки Аллоҳ таъоло инсон зотини бир ота ва онадан пайдо қилиб,уларнин турли миллат ва элатлар қилиб ер юзи бўйлаб тарқатиб қўйди.Яратган зотнинг улуғ ҳикмати ила бу миллат ва элатлар бир бирлари билан танишиб,бирлашишлари учун восита қилиб қўйгандир.

Бу ҳақда Аллоҳ таъоло ўз каломида шундай марҳамат қилади:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик.Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Бу ояти карима орқали динимиз бизни бирлик ва ҳамжиҳатликка чақиради.

Шу билан биргаликда тафриқа ва бўлинишдан қайтаради.Ҳамжиҳатлик Аллоҳнинг катта неъмати эканлигини уқтиради.

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг! Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”(Оли Имрон сураси, 103-оят).

Динда ўзича гапириб,ўзларича бир фирқа бўлиб олганларни  огоҳлантиради:

“Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси, 159-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан бошқа деб, уни ҳидоят йўлига тескари йўл, деб ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло бу оятда тафриқа ва гуруҳбозлик Пайғамбаримизнинг умматларига муносиб эмаслигини қаттиқ таъкидламоқда.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадиси шарифларида:

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Албатта Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсада рози бўлиб, уч нарсада норозидир. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилсангиз, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаб, фирқаланиб кетмасангиз, рози бўлади. Аммо “деди-деди” деб, беҳуда гапни кўпайтирсангиз, кўп савол берсангиз ва мол-дунёни беҳудага сарф қилсангиз, сиздан норози бўлади”, –дедилар (Имом Муслим ривояти).

Юқорида келтирилган  оятлар ва ҳадиси шарифдан билиб оламизки динда тафриқага берилишдан қаттиқ қайтарилган экан ва бирлик ва ҳамжиҳатликка чақирилган экан.

Лекин афсуски бугунги кунда ўзларига жарангдор номларни қўйиб олган баъзи гуруҳлар динимизнинг бу буйруғига бйсунмай ўзларича фирқа ва гуруҳлар тузиб олганлар.

Агар уларга бу маълумотларни айтиб насиҳат қилсангиз,бу оят ва ҳадислар биз учун айтилган сизлар адашгансиз,фосиқсиз  сизлар бизга эргашинг деб оят ва ҳадисларни ўз фойдаларига далил қилмоқчи бўлишади.

Ваҳолангки қуйидаги ҳадиси шарифда бу умматининг залолатга бирлашмаслиги айтилган.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Албатта мени умматим залолатга жамланмайди, шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга саводи аъзамни (яъни, энг улуғ жамоани)  лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳадси шарифда айтилганидек катта жамоатга эргашиш лозим.Катта жамоат эса Аҳли сунна мазҳаблари эканлигида шак йўқ.Чунки бугунги кунда ҳам ўтмишда ҳам Аҳли суннат мазҳабларига эргашганлар мусулмонларнинг кўпчилигини ташкил қилган.

Жамотга эргашиш лозимлиги тўғрисидаги қуйидаги ҳадисда бу нарса яққол номоён бўлади.

 “Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатга жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоат узрадир. Кимки жамоатдан ажралса, ажралиб жаҳаннамга киради” (Имом Термизий ривояти).

Бугунги кунда шундай ислом умматининг парчаланишига сабаб бўлаётган  гуруҳлар “Салафийлик” ва избийликдир.” Бу тоифалар ўзлари даво қилаётгандек  уларга эргашиш лозим бўлса, улар ўзлари нима учун катта жамоат бўлган Аҳли сунна мазҳабларидан ажралмоқдалар.

Бу умматни тафриқага солиш эмасми?

Бунинг устига Бу салафий ва ҳизбийлар  бу тафриқалари билан кимнинг тегирмонига сув қуяётганлари ҳаммасг маълумку.

Агар шундай бўлмаса минг йиллардан бери аҳил иноқ яшаб келаётган юртимиз мусулмонлари нима сабабдан бўлиниб тафриқага тушиб,фитнага дучор бўлаётганларини нима билан изоҳлайдилар.

Энг ачинарлиси ўзлари диний илимга эга бўлмай туриб,диндан гапиришаётган бу тоифа аъзолари ўзлари ҳам адашиб бошқаларни ҳам адаштирмоқдалар

Муҳтарам азизлар!Дин илмини билмай туриб, Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди! Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар бундай тафриқага солиб фитна чиқарувчи оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.

Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши ҳам одамлар орасида тафриқага сабаб бўлувчи омиллардан бири саналади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Аслида бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Чунки, ҳадиси шарифда шундай дейилган:

 Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Одамларга илмдан фақат амир (подшоҳ), ёки маъмур (подшоҳ томонидан рухсат берилган шахслар), ёки мутакаббир (ўзини катта олувчи) панд насиҳат қилади”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, одамларга ваъз айтишга фақат мутасадди раҳбарнинг ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан бошқа ким воизлик қилса, демак, бу – унинг манманлигидан, ўзига бино қўйганлигидандир.

 

Қ.Искандаров

Боғот тумани  “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.