ФИТНА ВА ФАСОД ИШЛАРНИНГ ЗАРАРЛАРИ

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб ўзининг Каломида шундай амр этади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳнинг жазоси қаттиқ (зот)дир”.

Барчамизга маълумки, бугунги кунга келиб бутун дунёда фитна-фасод кўпайди, қиёфаси бошқача тус олди. Ёвуз кучлар мусулмонлар тинчлигига футур етказиш мақсадида уларнинг орасида фитна уруғини сочмоқдалар. Фисқу фасод ва бузуқ эътиқодларни диний шиорлар, исломий қадриятлар номи остига яшириб, ўзларининг асл мақсадларига нишон қилиб олмоқдалар. Мана неча йиллардирки, турли номлардаги тўда, гуруҳлар террор, одам ўлдириш ҳамда худкушлик амалиётлари билан инсонларни қўрқувга солиб, уларнинг тинчини бузмоқда, онани фарзанддан, фарзандни яқинларидан жудо айламоқда. Уйлар, масжидлар, қадамжолар, шифохоналар, мактабу мадрасаларни вайрон қилмоқдалар. Энг ачинарлиси, жаҳон кўз ўнгида худдики бу ишларни мусулмонлар амалга оширган, мусулмон инсон жоҳил, тўпори, зулму зўравонликка ўч қилиб кўрсатилади. Ваҳоланки, мусулмонларнинг илоҳий китоби бўлмиш Қуръони каримга бир бор эътибор қаратсалар, тасаввурлар нотўғрилиги маълум бўлади. Яъни мусулмонлар эмас, балки: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин буни ўзлари сезмайдилар”.

Пайғамбаримиз Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларининг замонлар ўтиши билан бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар берганлар: «Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин».

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади.  Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўмин- мусулмонларни ер юзида бузғунчилик қилиш, одамлар орасида фитна-фасод уруғини сочиш, уларга зулм қилиш энг катта жиноят эканлигини таъкидлаб, қуйидагича баён қилган: “Яна «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз! (дедик) (Бақара, 60). “Ўзингиз Аллоҳнинг ерида туриб, Аллоҳнинг ризқидан еб, яна Аллоҳ суймайдиган ишларни қилманг” маъносида хитоб қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Қасас сураси, 77-оятида шундай дейди: “Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”.

Ўз ватанига қарши борадиган, инсонлар ўртасида фисқ-фасод уруғларини сочадиган, жамиятда бузғунчилик қиладиган, ўзларича чин мусулмонликни даъво қиладиган бу бузғунчи фасодчилар қандай қилиб мусулмон бўлсинлар? Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалам: “Тили ва қўли билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”, деганлар. Улар аксинча, ўз мақсадлари йўлида динни ниқоб қилиб, инсонлар орасига фисқ-фасод уруғларини сочиш, бегуноҳ инсонларни қонини тўкиш каби разил ишларга қўл урмоқдалар.

Ҳозирги пайтда яна бир фитна ҳақида гапирмаслик ҳам дин ва миллатга хиёнат саналади. Бу ҳам бўлса, дунёдаги мустамлакачи кучларнинг маънавий бўшлиқдан фойдаланиб юртимиз ёшлари онгига маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган ва энг хатарли иллатларни ўз ичига олган “оммавий маданият”ни сингдиришга катта фитналарга сабаб бўлмоқда.

Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни  ёйишни асосий мақсад қилиб олган “маданият” жамиятдаги  маънавий хаётни издан чикаради, ёшлар ахлоқига жиддий таъсир кўрсатади.

Бундай фитналардан юртимиз тинчлиги учун барчамиз огоҳ бўлмоғимиз лозим!

С.Сапаев

Хива тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *