НЕЪМАТЛАРНИНГ УЛУҒИ, ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим.

 Тинчлик, омонлик ва хотиржамлик шунчалик улуғ неъматки, унинг қадрини фақатгина шу неъматдан, Худо сақласинки, маҳрум бўлганларгина тўлиқ англагайлар.

Ким ўлур ҳолатга етса, ул билур жон қадрини.

Йўқса, шинам кўчаларда бамайлихотир юриш қаёқда? Она Ватанимиз бўйлаб ҳатто ярим кечада бўладими, ўз қишлоғингиздами, юртимизнинг хоҳлаган гўшасида бўладими ҳадиксиз юриш қаёқда эди?

 Бу бебаҳо неъматнинг улуғлигиданки, ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам  ҳадиси шарифларида қайта — қайта таъкидлаганлар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб: ‒  Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.

–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам.

Иккинчи куни келиб яна:

–  Эй, Аллоҳнинг Расули, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.

–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўра, – жавоб бердилар яна.

Учинчи куни келиб яна:

–  Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, дуоларнинг қай бири афзалроқ? –  деб сўради.

–  Парвардигорингдан дунё ва охиратда афв ва офият(тинчлик, хотиржамлик)ни сўрайвер. Бас  қачонки сенга дунё ва охиратда афв ва офият берилса, батаҳқиқ нажот топибсан – жавоб бердилар жаноб Сарвари коинот саллалоҳу алайҳи ва саллам. ( ибн Можа ва Термизий ривоят қилган. Бугунги кунда қай бир жабҳага қараманг, Яратган Эгамнинг биз бандаларга Ўзининг неъматларини тўкин-сочин қилиб берганини кўрасиз. Хўш, оламларнинг Парвадигори бизларга шунча карам қилиб турган бўлса, бизлар нима қилмоғимиз лозим? Албатта, шукр қилмоқ, шу юртга содиқ фарзанд бўлмоқ лозим. Шундагина, иншо-Аллоҳ, неъмат бардавом бўлажак. Илоҳим тинчлик ва хотиржамликни бардавом айласин.

Б.Атаниязов

Боғот тумани “Ғойиб бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *