ГИЁҲВАНДЛИК БАЛОСИ АСР ВАБОСИ

Аллоҳ таоло Ўзининг илми ва ҳикмати билан инсонни барча махлуқотлари орасида азиз ва мукаррам қилиб яратган, ақл ва нутқ билан бошқа жонзотлардан устун қилган. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. Энди, бир тафаккур қилиб кўрайлик: бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зот инсон наслини Ўзи яратган бошқа барча махлуқотларидан афзал, азиз ва мукаррам қилиб қўйибди. Унга ҳаёт неъматини, турли ноз-неъматларни, ҳатто минишга уловлару денгиздаги кемаларгача муҳайё этиб қўйибди. Бундан ташқари, яхши ҳаёт кечириши, соғлом ва бақувват бўлиши учун фойдали, керакли ризқ-рўзни ҳам ато этиб қўйибди. Бунинг эвазига эса, фақат Ўзига итоат ва ибодат этишни, Пайғамбари орқали юборган амри-фармонларига амал қилишни, ҳаром ишлардан ва ҳаром озуқалардан узоқда бўлишни буюрган.

Ҳозирги давримизга келиб, баъзи инсонларнинг Аллоҳнинг ҳақ йўлидан чекинишлари, аввало, ўз жонларига, молларига, жамиятдаги мавқеларига катта зарар келтирувчи иллатларга мубтало бўлишларида кўринмоқда. Буларнинг энг ёмони, энг хатарлиси — “аср вабоси” дея машъум ном олган гиёҳвандлик балосидир. Гиёҳвандлик инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади, унинг одамлар орасидаги обрўсини йўқотади, оиласини парокандалик ботқоғига отади, соғлигига жиддий путур етказади, ўзини эса жиноят йўлига бошлайди. Энг фожиалиси, Аллоҳ берган ҳаёт неъматининг заволга учраши, эрта ўлим топиши каби кулфатларга учрайди. Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси чегара, ўлчов, миқёс билмайдиган бир ҳолатга келди. Унинг касофатидан Ер юзида миллионлаб инсонлар ҳаёт билан эрта видолашмоқда, соғлиғидан ажрамоқда, оилалар бузилиб кетмоқда, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром экани ҳақида огоҳлантирганлар. Карахт қилувчи нарсаларга эса наша, тарёк, кўкнор каби гиёҳванд моддалар киради. Демак, бундай нарсалар шариатимизда ҳаром қилинган ва ҳеч бир инсон, хусусан ёшларимиз бундай ҳаром нарсаларнинг яқинига ҳам келмасликлари лозим. Чунки бундай ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ҳалокат чоҳига отишдан бошқа нарса эмас. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай огоҳлантиради: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг”, бошқа бир ояти каримада эса бундай дейди: “ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”.
Шундай экан, бирор инсон ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам жабр қилиши, зарар етказиши мумкин эмас. Кишининг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб, ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳдир. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деб марҳамат этган.
Ақлни кетказувчи ҳамда инсоният кушандаси бўлган гиёҳванд моддаларни сотиш ва тарқатишнинг ҳукми уларни тановул қилишдан ҳам оғирроқдир. Мўмай пул топиш, текин даромадга эришиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган айрим кимсалар бу мудҳиш қилмишлари билан ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қанчадан-қанча ёшларни ҳаётдан эрта кетишларига, майиб-мажруҳ бўлишларига, турли жиноятларга қўл уришларига сабаб бўлишаётганини билишармикин?! Динимизда бир кишини ўлдириш бутун инсониятни қатл этишга тенглаштирилган. Бундай ёвуз кимсалар қанчалаб оилаларнинг барбод бўлишига, жамият корига ярайдиган ёшларни тубанликка юз буришига сабаб бўлишяптики, уларнинг бу жиноятини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ўйлаб қоласан бу каби разил, инсон қиёфасидаги жирканч зотларнинг ҳам фарзанди борми. Ўз фарзандини ҳам ушбу оғу билан заҳраланишига, оиласи барбод бўлишига, ёш умри хазон бўлишига розими? Ҳатто ҳайвон ўтлаётган пайтида боласини босиб азоблашдан қўрқиб оёғини кўтариб қўяркан. Бу оғуфурушларда ҳайвончалик виждон йўқми?
Расули Акрам с.а.в. бизларни бундай иллатларга нисбатан қандай йўл тутмоқлигимизни барчамизга буюриб шундай дейдилар: “Сиздан ким ёмон – мункар қайтарилган ишни кўрса, уни қўли билан кайтартирсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”.
Демак, ўзининг дини ва Ватани учун қайғурадиган ҳар бир мусулмон, ўзини иймонли деб ҳисоблайдиган ҳар бир мўмин бу юклатилган бурчни тўлалигича бажариши лозим. Чунки бу, аввало Аллоҳ ва унинг Пайғамбарининг амри сўнгра ўз халқи учун ғамхўрликдир!
Дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётган кимсалар озми? Қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган гиёҳвандликка қарши ҳар бир инсон ўзи курашмоғи, ташқи таъсирлардан ҳимояланмоғи лозим.

Соғлом авлод ўтмиши қадим, тупроғи олтин, осмони мусаффо Ўзбекистоннинг келажак ворисларидир. Уларни мана шундай соғлом муҳитда, эзгу тушунчаларни юракларига жойлаб вояга етказайликки, ҳеч қанақа ташқи салбий хуружлар ва қора иллатлар ўпқони уларни ўзига жалб қила олмасин.
Муҳтарам азизлар, фарзандларимизни бу каби разил инсонларнинг тузоғига илинмасликлари учун ота-оналар, маҳалла улуғлари, кенг жамоатчилик ёшларнинг юриш-туриши, ким билан дўстлашаётгани, бўш вақтини қаерда ва қандай ўтказаётгани, кўча-кўйларда бемаҳал, сабабсиз тентираб юришлари каби ҳолатларга ҳамиша ҳушёр бўлишимиз, буларни асло назоратдан четда қолдирмасликлари лозим. Шундагина азиз ва ардоқли фарзандларимизни ёшлар бахтига чанг солиб турган гиёҳвандлик балосидан ўз вақтида қутқариб қолган бўламиз.

 

Хайрулла Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.