ИҚТИСОДИЙ СОҲАДАГИ ЮТУҚЛАРИМИЗ – ВАТАН РАВНАҚИНИНГ АСОСИ

Маълумки, шу кунларда катта хурсандчилик – давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида турибмиз. Аллоҳ таоло Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин! Ватанимиз равнақи йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, мамлакатимиз иқтисодий қудратини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш учун ҳамма соҳаларда кенг яратувчилик ишлари амалга оширилмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли бугун мамлакатимиз барқарор иқтисодий ривожланиш йўлига ўтди. Аҳоли орасида мулкдорлар қатлами шаклланди, шулар туфайли оилалар даромади мунтазам равишда кўпаймоқда, халқимизнинг турмуш сифати ҳамда давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги обрў-эътибори тоборо ошиб бормоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ (سورة الضحي الآية-11)

яъни: “Роббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”, – деб марҳамат қилган.  (Зуҳо сураси, 11-оят).

Ушбу оятнинг ҳукмига биноан ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган хайрли ишлар, эришилган ютуқларимизни яна бир карра эслаб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, эришилган неъматларни зикр қилиш ҳам шукрона неъмат ҳисобланади.

Маълумки, юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ҳам оқилона тарзда кўрсатиб бермоқдалар. Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қаторида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган кишиларни ҳам алоҳида имтиёз асосида уй-жойлар билан таъминлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир.

Юртимизда таълим соҳасига, хусусан, ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, ойлик маошларини оширилишига, уларга уй-жой олиш имкониятларини яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз-ўзидан бу келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларимизнинг таълим-тарбиясини юқори даражага олиб чиқишга асос бўлади. Зеро, ҳар бир ўзини ҳурмат қилган халқ бугунги кунини ўйлаши билан бирга, келажаги ҳақида ҳам қайғуради. Агар биздан фарзандларимизга обод юрт мерос қолишини истасак, ёшларимизга, уларнинг тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз керак.

Охирги йиллар давомида диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Адолат ўрнатиш, авф қилиш – динимизнинг асосий ғояларидандир. Адолатпарварлик ва кечиримлилик – жамият фаровонлиги ҳамда юрт ободлиги учун муҳим омил ҳисобланади.

Турли хил сабаблар билан уруш бўлаётган минтақаларга кетиб қолган ва тутқунликда бўлган бир қанча ватандошларимиз юртимизга қайтариб олиб келинди.

Шариатимизда бағрикенглик ва афв этишга кўп даъват қилинган. Чунки, афв қилиш – Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан биридир. Парвардигоримиз ояти каримада:

﴿ وَإِنْ تَعْفُوا وَتَصْفَحُوا وَتَغْفِرُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ﴾ (سورة التغابن الآية-14)

яъни: “…Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир”, – деган (Тағобун сураси, 14-оят).

Алдов оқибатида ўзга юртларга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу ватандошларимизга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Шунингдек, Муборак ҳайит байрамлари арафасида маҳбусларни афв этилиши туғрисида Президент Фармони эълон қилинмоқда. Унга кўра бир қанча маҳбуслар жазодан бутунлай озод этилди, бир қисмининг эса жазо муддати қисқартирилди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.

Бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг тараққий этиши, юксалиши, давлат ва ҳукуматларнинг бардавом бўлиши адолатга боғлиқдир”. Ушбу фикрнинг исботи кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди – мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, юртдошларимизнинг ижтимоий аҳволи яхшиланиб, энг муҳими – халқимизда давлатга бўлган ишонч туйғуси мустаҳкамланиб бормоқда.

Албатта, бу эришилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

«مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فِي سِرْبِهِ، مُعَافًى فِي جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا»

(رَوَاهُ الْإِمَامُ البُخَارِيُّ وَالْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Қайси бирингиз оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик ризқи бор ҳолда тонг оттирса, гўёки бутун дунёни қўлга киритибди” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).

Аллоҳ таоло биз, бандаларини, Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд этган экан, ўз навбатида ана шу неъматларининг қадрига етиб, шукрини адо этиб боришимизга буюради. Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз – зиммамиздаги бурчдир.

Фарзандларимизни илм-фанга қизиқишларига эътибор қаратиб борайлик. Зеро илм-фан  кучайган сари юртимиз  ривожланиб, обод бўлиб бораверади.

Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин! юртимиз мустақиллигини бундан ҳам мустаҳкам айлаб, мустақил юртда униб-ўсаётган фарзандларимизни  буюк аждодларимизга муносиб, ўз ватани ва халқига фидоий, юрт корига ярайдиган авлодлар бўлиб етишишларини насиб айласин!

Хайрулла Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *