ИСЛОМДА КИЙИНИШ ОДОБЛАРИ

Маълумки инсоннинг кийиб олган кийими унинг дунё қараши ва маънавиятини номоён қилиб турадиган воситадир. Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Инсоннинг кийган кийими унинг ички оламига яни маънавияти ва хулқ атворига ҳам тасир қилади.Мисол учун аскарнинг кийимини кийган киши ҳудди аскарлардек қадам ташлаши ва ўзини тутишидаги ўзгаришларни келтиришимиз мумкин. Исломнинг инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралари ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилди.

Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида марҳамат қилади:

«Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар» (26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос, асл либос тақво либосидир. Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди. Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий». Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган. Умар ибн Хаттоб: «Кийимнинг дағал ва эскирганини кийинглар», деганлар. Бу зот масжид минбарида хутба ўқиётганларида, устиларида еттита ямоқ солинган кўйлак бор эди.

Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.

Аллоҳ таоло “Нур” сурасида марҳамат қилади:

«Эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёлларидан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар» (31-оят).

Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини, яъни зийнат ҳисобланадиган аъзоларини кўрсатиб юришлари мутлақо мумкин эмас. Фуқаҳоларимиз (барчаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин) кийим масаласи бўйича келган барча ҳужжат-далилларни ўрганиб чиққанларидан кейин, қуйидаги хулосага келганлар:

«Кийимнинг ҳукми бир нечтадир:

  1. Фарз.

Бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқни қайтарадиган кийимдир. У пахта ёки канопдан, ўта нафиси билан ўта ёмонининг ўртасида бўлиши керак.

  1. Мустаҳаб.

Бу авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийимдир.

  1. Мубоҳ.

Бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган чиройли кийимлардир.

  1. Макруҳ.

Бу такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийим.

  1. Ҳаром.

Бу авратни тўсмайдиган ҳамда эркаклар учун шойи-ипак кийимлардир.

Балоғатга етган муслима аёлга авратини тўсадиган ва тана тузилишини билинтирмай турадиган кийим кийиш фарздир. Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати – юзи ва икки кафтидан ташқари бутун баданидир.

Маълумки, муслима аёлларга баданларини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёллар ўз шарафларини сақлашлари учун, Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратларини номаҳрам эркаклардан беркитиб юришлари шарт. Шунингдек, муслималарнинг кийимлари юпқа, баданларига ёпишиб турадиган, тор бўлмаслиги, номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак. Аёл кишига эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи ипаклар ҳалолдир. Исломда аёл кишига зебу зийнат ҳалол қилинган.

Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зеб-зийнатлари номаҳрам – бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Аёллар эркаклар кийимини кийиши ва уларга ўхшашга ҳаракат қилиши мумкин эмас. Юқорида келтирилган маълумотлар юртимиз фақеҳ олимлари китобларидан олинган бўлиб,улар ўз навбатида бу маълумотларни шариъат аҳкомлари ҳисобланган китоблардан олганлар.Бу келтирилган маълумотлар асосида ҳулоса қилиадиган бўлсак,мусулмон инсон дини буйурган аҳкомлар бўйича кийиниши лозим экан.Мўмин киши ҳоҳ жамиятда бўлсин ҳоҳ ёлғиз ўзи,кийиниш одобларига риоя қилиши талаб этилади.Чунки Исломда кийиниш фақат одамлар учун эмас балки Аллоҳ таъолонинг розилиги учун ва у зотдан ҳаё қилгани учун ҳам кийиниш одобларига риоя қилиши даркордир. Ҳуллас кийиниш одобларига риоя қилиш инсоннинг ташқи кўриниши билан бирга маънавиятини ҳам гўзаллаштирадиган воситадир.

Бизнинг диёрларда азал азалдан киниш одобларига қаттиқ риоя қилиб келинган.Ота- боболаримиз ва буви ва момоларимиз ҳаё ва иффат бобида етук ҳислатларга эга инсонлар бўлишган.Энди бугунги кун авлоди биз ҳам динимизга ва қолаверса ота-боболаримиз ва буви ва момоларимизга эргашган ҳолда ўз маънавиятимиз ва маданятимизни сақлаб қолишимиз лозим.

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *