ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР ТЎҒРИСИДА

Давлатимиз Раҳбари томонидан диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида мақтанса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини,  ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан  қатъий  назар қонун олдида тенгдирлар.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар  тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 майда қабул қилинди. Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланиб 5 июль куни Президент томонидан тасдиқланди. Ушбу қонуннинг янги таҳририга вилоятимиздаги 150 дан ортиқ диний соҳа ходимлари томонидан илиқ қаршиланди. Ушбу қонуннинг мақсади виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни шунингдек диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солишдан иборат. Виждон эркинлиги бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки хеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидир. Фуқаро динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка, ибодатларда диний расм – русумлар ва маросимлардан иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди. Биринчидан, қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар жумладан масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор  фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди. Диний ташкилотни Давлат рўйхатидан ўтказиш хизматлари тўлиқ электрон шаклда инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди. Рўйхатдан ўтказувчи Адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқартирилди ва ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ибодат либоси тушунчасининг ҳуқуқий тарифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди. Диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинди. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча хат – ҳужжатларни йиғишдан холос бўлдилар. Вояга етмаганларни уларни хоҳиш – иродасига, ота – онасининг  ёки қонуний вакилларининг хоҳиш – иродасига зид тарзда диний ташкилотларга жалб этишга йўл қўйилмайдиган бўлди. Фуқароларнинг конститутциявий  ҳуқуқ ва эркинликларини  камситиш, урушни, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилиш фуқароларнинг соғлиги ва аҳлоқига тажовуз қилиш фуқаролар тотувлигини бузиш  вазиятни беқарорлаштирувчи  туҳматдан иборат уйдирмаларни  тарқатиш, аҳоли ўртасида  саросима уйғотиш ҳамда  шахс, жамият ва давлатга қарши қаратилган бошқа ҳаракатлар  содир этиш мақсадида диндан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги  бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда  виждон эркинлиги ва динга эътиқод қилиш эркинлиги ва диний ташкилотлар  тўғрисидаги  қонунчиликни бузғунчилик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Расмий ҳужжатларда  фуқароларнинг динга  нисбатан муносабатини кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгандир. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (Бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Републикаси фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи, уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъий назар таъминланади. Ҳар ким диний таълим  муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга. Диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олгандан кейин қабул қилинади. Диний профессионал таълим олган  шахслар  диний таълим муассасаларида диний фанларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш  ҳуқуқига эгадирлар. Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда канфессия вакиллари ўзаро тинч – тотув яшаб ўз диний ибодат ва расм–русумларини эмин – эркин бажариб келган, бағри кенг диёр сифатида қадрланади.

 

 

ЎМИ Хоразм вилояти вакили Х.Абдуллаев

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *