ФИТНАЛАРГА АЛДАНИБ КОЛМАНГ

Бугунги низо ва зиддиятлар инсониятнинг доимо огоҳ бўлишини тақазо этмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло бузғунчилар фитналаридан огоҳ бўлишга буюриб: Огоҳ бўлингким, албатта, улар айнан ёлгончилардир! (Мужодала, 18) деб таькидлайди.

Исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг «ИШИД фитнаси » китобини ўқиб чуқур таьсирландим. Дархақиқат, бугунги кунда хуруж қилган ИШИДнинг хунрезликлари, инсон зотига мутлақо мос келмайдиган вахшийликлари ҳар қандай мусулмоннинг калбини ларзага солиши табиий. Албатта, турли баландпарвоз даьволар қилаётган ушбу тўданинг факатгина шайтон малайлари экани ва «бизлар мусулмонмиз, ислоҳчилармиз» деб ичган қасамлари ёлғон эканини ушбу оят тасдиқлаб турибди: “Улар ўзларининг (ёлгон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун (охиратда) хор қилувчи азоб бордир» (Мужодала, 16).

Бутун дунё мусулмон уламолари кенгаши томонидан ИШИДнинг Ислом динига умуман алоқаси йўқлиги хақида эьлон қилинган баёноти кишилар қалбига катта тасалли беради. «ИШИД фитнаси» китоби муаллифининг «ИШИД — ИРОҚ ва Шом ислом давлати» эмас, балки «ИРОҚ ва Шомдаги ислом душмани» деган иборани ишлатиши ҳақиқатга тўғри келади.

Улар ўзининг бу манфур ишига муқаддас динимизни рўкач килиб, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкдилар. Ўша ўлдирилаётганлар кофир эканини, кофирларни эса қатл қилиш кераклигини иддао қилдилар. «ИШИД фитнаси» китобида таькидланганидек, ҳеч кимга инсоннинг имонини ўлчаш, унинг мусулмон ёки кофирлигини аниқлаш хуқуқи берилмаган. Бундан ташқари, ахли сунна вал жамоа ақидасида ахли қибладан бирортасига қарши қилич кўтармаслик, мусулмон одамни аниқ билмай туриб, кофирга чиқармаслик лозимлиги қатьий белгилаб қўйилган.

Аллох таоло ер юзида фасод ишларни қилмасликка, бунга йўл қўймасликка буюриб: «…Эзгулик ва тақво (йўлида)да ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва адоват (йўлида)да хамкорлик қилманг! Аллохдан қўркинг! Албатта, Аллох азоби қаттиқ зотдир», деб марҳамат қилган. (Моида,2). Демак, дунёнинг бир чеккасида юз берган нотинчликка тинч ҳудудда яшаётганлар бепарво қараб, «биз омонмиз-ку», дейишлари асло тўғри бўлмайди. Тинчлик учун курашмоқ лозим.

Давронбек Абдуллаев

Қўшкўпир тумани Ибн ямин бобо

масжиди имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *