ИСЛОМДА АЁЛЛАРНИНГ ИЛМ ОЛИШДАГИ ҲАҚЛАРИ

Илм талаб қилиш – фарзи айн, яъни, ҳар бир мусулмоннинг шахсан Аллоҳ таолонинг розилиги учун бажариши лозим бўлган ишидир.

Ислом таълимотининг асосий манбаи бўлмиш Қуръони каримнинг кўп оятларида аёлга нисбатан ҳурмат–иззатнинг юксаклиги, аёлларни эъзозлашга доир қоидаларнинг мавжудлиги баён этилган бўлиб, мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишга тарғиб қилинади.

Яъни Ислом аёлни ҳаётнинг барча жабҳаларида илм олишда, меҳнат қилишда, мерос олишда, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркак билан тенг ҳуқуқли қилди.

Ал­лоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўл­син, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қил­са, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хур­мо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо, 124)“Албатта, муслим ва муслималар, мў­мин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр­ли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эр­как­лар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эр­как­лар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳа­ром­дан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаром­дан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир”(Аҳзоб, 35).

Шунингдек  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида  “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”,  деб марҳамат қилганлар.

Аёлларнинг таълим олиши фарзи айнлигига қуйидаги саҳиҳ ҳадислар ҳам далил бўлади. Имом Термизий ва Абу Довуд (лафзи Абу Довудники) ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимнинг уч қизи ёки учта ё олтита ёхуд иккита опа-синглиси бўлса ва уларга одоб бериб, уларга яхшилик қилса ҳамда уларни турмушга берса, унга жаннат бордир”. Бошқа бир ривоятда: “Қайси эркакнинг чўриси бўлса, у унга таълим бериб, таълимини чиройли қилса ва унга одоб бериб, одобини чиройли қилса, сўнгра уни озод қилиб, ўша аёлга уйланса, у кишига икки ажр бордир”, дейилади.

Бу ҳақда Имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида ҳам ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ у зотга ўргатган нарсаларни аёлларга ҳам ўргатиш мақсадида алоҳида кунни хослаб қўйганлар. Бир куни битта аёл: “Ё Расулуллоҳ! Эркаклар сизнинг олдингизга келиб, сўзингизни олиб кетадилар. Биз учун ҳам бирор кун белгиланг, биз ҳузурингизга келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсаларни ўрганамиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фалон ва фалон куни жамланинглар”, деб айтдилар. Улар йиғилдилар. Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, уларга таълим бердилар.

Юқоридаги ояту ҳадислардан хулоса чиқарсак, Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради.

Аёл — қизларимизнинг  илм олишда ва ўргатишда ҳақ-ҳуқуқлари борлигини юқоридаги бир қанча далиллар орқали билиб олдик.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида “Ким талаби илм қилса, ўтган нарсаларга каффорот бўлур” дейилган.

Аёлларнинг ҳақ-ҳуқулари исломда улуғланган экан, мамлакатимиз Ўзбекистонда аёл  ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,  соғлом авлодни тарбиялаш, аёлларни эъзозлаш, уларнинг  қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, бир қатор амалий дастурлар ишлаб чиқилиб ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Шунингдек аёлларнинг таълими, мутахассислик ва илмий салоҳиятини ошириш учун барча лозим чоралар давлат томонидан кафолатланганлиги Ўзбекистонда аёллар фаоллигини оширишда кенг ислоҳотлар олиб борилаётганлигидан дарак  беради.

Ф.Отажанова

ЎМИ Хоразм вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *