УСТУВОР ВАЗИФАЛАРДАН БИРИ-ЁШЛАР ТАРБИЯСИ

Бугунги глобаллашув даврида ўзига хос ва мос миллий, диний қадриятларга асосланган халқимизнинг тарбия борасидаги азалий анъаналари “оммавий маданият”, менталитетимизга ёт ғоя ва қарашлар таъсирида асл моҳиятини йўқотиб бораётгани барчамизни ташвишга солади. Ушбу жараёнга, яъни тарбия масаласига ўз вақтида жиддий эътибор қаратмасак, эртага кеч бўлиши, тузатиб бўлмас даражадаги оқибатларга олиб келиши мумкин. Зеро, тарбия борасида таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган сўзларини асло унутмаслигимиз лозим.

Хўш, бугун ёшлар тарбияси борасида нимага эришяпмиз, қандай ютуқ ва муаммоларимиз бор? Эртанги кунимиз эгаларининг одоб-аҳлоқи, билим ва салоҳияти, маънавияти, бир сўз билан айтганда, тарбиясидан кўнглимиз тўляптими?

Бугун аксарият ёшларимиз бўш қолди дегунча дарров қўл телефони билан машғул бўлиши одатий ҳолга айланиб қолди. Қандайдир ўйин ўйнайди, қўшиқ эшитади, фильм томоша қилади, ижтимоий тармоқлардаги турли-туман маълумотлар билан танишади. Бунинг нимаси ёмон, техника даври, тараққиёт дерсиз? Тўғри, бунинг ёмон томони йўқ. Тан олишимиз керак, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, айниқса, интернет тараққиёт даражамизни бир неча поғонага кўтарди, узоғимизни яқин, ишимизни енгил қилди.

Лекин ёшларимизнинг уяли телефонга асир бўлиб қолаётгани, интернет ва ижтимоий тармоқлардан, улардаги маълумотлардан оқилона фойдаланишлари борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина.

Ёшларимизнинг мобиль телефон, интернетга бу қадар боғланиб қолишларини асло оқлаб бўлмайди. Бу энг аввало, уларнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Интернет тармоқларида алдов ва ғаразли мақсадлар йўлида тарқатилаётган турли маълумотларга айрим ёшларимиз осонгина ишонмоқда. Натижада оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата олмай, кимларнингдир қурбонига айланаётир.

Ўтмишга, бобо-момоларимизнинг ҳаётига назар ташласак, оилада ўғил бола тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Болалигидан оиланинг суянчи, каттаси, опа-сингилларининг ҳимоячиси бўлишини, қолаверса, Ватаннинг таянчи эканини уқтириб, шу асосда тарбия берилган. Тўғри, аёл оиланинг чироғи, иқболи. Фарзанднинг соғлом, баркамол туғилиб вояга етиши кўп жиҳатдан унга боғлиқ. Шундай бўлса-да, тарбияда эътиборни икки жинсдаги фарзандга ҳам тенг қаратиш зарур. Ҳатто, ўғил болаларга кўпроқ аҳамият бериш мақсадга мувофиқдир. Чунки аёлнинг аёлдай юришини таъминлайдиган эркаклар эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Минг афсуски, бугун жамиятимизда ана шу тамойил бироз издан чиқди. Баъзи оилаларда отанинг ўрни ва роли пасайгандай назаримда.

Шу ўринда, ота оилани таъминламаса, фарзандлар тарбияси бузилади, деган ақидани унутиб қўймаслигимиз лозим. Бирор бир иш билан машғул бўлмай хотини, фарзандлари топган пулга чойхоналарда ўтириб ош ейдиган ва бундан асло хижолат бўлмайдиган эркаклар орамизда, афсуски бор. Ана шундай муҳитни кўриб ўсаётган фарзандлар ёки фақат онаси орқали таъминланаётган бола отасининг гапини гап ўрнида қабул қилмайди. Ёхуд ота куни билан бекор юрсаю овқат пайтида дастурхонда ҳозир бўлса? Бундай оталар фарзандларига қандай ибрат бўла олади?

Бу каби ҳолатлар юзага келишининг асосий сабаби юртимизга оммавий тарзда кириб келаётган, менталитетимизга ёт сериаллар, видеоклиплар, интернет, қўл телефонларидаги видеоёзувлар, умуман, глобаллашув даврининг турли “маҳсулот“ларидир. Айни кунда мамлакатимизда “оммавий маданият“, у келтириб чиқариши мумкин бўлган иллатларга қарши зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Андижонда маҳаллалар, таълим муассасаларида вилоят, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда миллий қадриятларимизга, маънавиятимизга, тарбия мезонларимизга салбий таъсир кўрсатувчи омилларга қарши кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг соғлиғи ва давомийлигини таъминлайдиган, миллий қадрият ва урф-одатларимизни асраб-авайлаб келгуси авлодларга қолдирадиган, шу билан бирга, келажак авлод қандай инсон бўлиб камол топишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи ҳисобланади.

Хўш, бугун оилани мустаҳкамлаш, айниқса, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида олиб бораётган ишларимиз қай даражада самара бермоқда? Келин-куёвлар оилавий ҳаёт ҳақида етарли тушунчага эга бўлиб турмуш қурдими? Улар рўзғор аравасини тортиб кета оляптими? Умуман, мустаҳкам оилаларни шакллантира оляпмизми? Очиғи, бугун бу каби саволларнинг барчасига ижобий жавоб беришга бироз ўйланиб қоламиз.

 Айрим  оилаларда тўйдан ҳеч қанча ўтмай, турли муаммолар юзага келмоқда. Куёвнинг тайинли бирор иши йўқлиги, оилага бош бўлиш, оилани моддий таъминлаш лаёқатига эга эмаслиги, келиннинг эса оила тутумларини яхши билмаслиги уларнинг оила деб аталмиш муқаддас қўрғонга юзаки қарашлари қатор муаммолар келтириб чиқармоқда. Шу боис ҳам вилоятимизда қайд этилаётган ажримларнинг аксариятини ёш оилалар ташкил этаётир.

Ажримларга сабаб бўлаётган яна бир жиҳат бу – мол-дунёга ҳирс қўяётганимиз. Қизларимизга ҳамма нарсани муҳайё қиляпмиз, бекаму кўст турмушга узатяпмиз. Лекин айрим қизларимизнинг уқувсизлиги, оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, янги оилага, унинг муҳитига кўника олмаётгани сабаб турли низолар келиб чиқаётгани ҳам бор гап. Касалликни ўзимиз яратиб, сўнг унга даво излашга мажбур бўляпмиз.

Юқоридаги каби ҳолатлар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ҳали жуда кўп ишлар қилишимиз кераклигини кўрсатади. Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида юқоридаги каби иллатларга йўл қўймаслик, ажримларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Бахтли ва соғлом оила сари” шиори остида меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасаларида оиланинг муқаддаслиги, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, никоҳнинг аҳамияти хусусида суд, ФҲДЁ бўлимлари мутахассислари, имом-хатиблар, отинойилар иштирокида мулоқот ва давра суҳбатлари мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилди.

Ҳафтанинг чоршанбаси – “Оилаларни мустаҳкамлаш куни” деб белгиланган бўлиб, жойларда “Менинг маҳалламда ҳар бир оила мустаҳкам бўлиши керак” ғояси асосида оилавий муносабатларда турли келишмовчиликлари бўлган оилаларни муросага келтириш, оилада эркакларнинг ўрни ва масъулиятини ошириш, соғлом ва баркамол фарзандлар тарбияси борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган “Ёш келин-куёвлар мактаби”, “Йигитлар мактаби”, “Оила дорилфунуни“да никоҳланувчи ёшлар махсус дастур асосида ўқитилиб, уларнинг никоҳ, оила ҳақидаги билим ва тушунчалари бойитилмоқда. Бундан ташқари, турмуш қурмоқчи бўлган ёшлар билан алоҳида-алоҳида мутахассис, маҳалла оқсоқоли, имом, отинойи иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, ёшларнинг оила қуришга қай даражада тайёрлиги ўрганилмоқда. Шу билан бирга, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртлари ҳамда маҳаллаларда фаолият юритаётган “Қизларжон“ клублари машғулотлари орқали халқимизнинг қадим анъана ва урф-одатларини кенг тарғиб этиш, қизларимизнинг оилавий ҳаёт, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг фаоллигини, пазандалик, орасталик, шунингдек, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари хусусидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Бу борада ижобий натижага эришиш учун нафақат, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши, хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса, маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг фарзанд тарбиясига, фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган эътибори ва масъулиятини ошириш лозим. Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбия қилайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлсин.

Х. Адамбоев

Янгибозор тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *