ИЖТИМОИЙ СОҲАГА МУҲИМ ЭЪТИБОР

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган мамлакатимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунга ҳар қадамда гувоҳ бўлиш мумкин. Ислоҳотларнинг асосий мақсади халқни, фуқароларни ҳаётдан, бугунги кунидан рози қилиш, албатта. Мустақиликка эришгач, Ўзбекистон давлати ва халқи мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлини танлади. Чунки дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам ривожланган ҳуқуқий давлат шароитидагина фуқаролик жамияти шаклланиши учун имкониятлар яратилмоқда ҳамда жамиятда доимий барқарорлик ва халқ фаравонлиги таъминланмоқда.

Давлатимиз раҳбари, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишига қулоқ тутиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқадан унумли фойдаланиш, шу орқали уларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Юртдошларимиз бугун барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини янада тараққий эттиришга ҳисса қўшишни, аввало, ўзи ва оиласи учун барқарор ва тўкин ҳаётга эришишнинг мустаҳкам замини сифатида теран англамоқдалар. Тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлардан унумли фойдаланаётган юртдошларимиз ўз тадбиркорликларини йўлга қўйиб, мамлакат тараққиётига  салмоқли ҳисса қўшишмоқда.

Аҳолининг самарали меҳнат қилиши, моддий манфаатдорлигини ошириш учун муносиб шарт-шароит яратиб бериш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади. Зеро, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг бандлигини таъминлаш фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаёт даражасини юксалтиришнинг муҳим омилидир. Ижтимоий соҳани ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилиб, соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асоси яратилди. Шундан келиб чиқиб, ҳар йили янги иш ўринлари ташкил этиш ва бандликни таъминлашга доир дастурлар қабул қилиниб, унинг ижроси изчил таъминланаяптики, пировардида ишсизлик даражаси йил сайин камайиб бормоқда.

Буюк аждодларимиздан мерос бўлиб қолган бебаҳо маънавий бойлик – асл қадриятларимизнинг сарчашмаларидир. Асрлар мобайнида халқимизнинг юксак маънавият, адолатпарварлик, маърифатсеварлик каби эзгу фазилатлари бугунги давр ёшлари учун ўзига хос ҳаёт мактабига айланган. Айниқса, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Баҳоваддин Нақшбанд, Имом ал Бухорий, Имом ат Термизий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби даҳоларнинг ўлмас асарлари бизни аввало бой ўтмишимиз, асл қадриятлар ва бошқа миллий-маънавий бойликларимиз билан ошно қилади. Бугунги ёшлар, замондошлар ана шу маънавий хазиналардан исталганча баҳраманд бўлиши мумкин. Қадриятларимиз қадрини амалда ҳар ўзбек бир оиласида, маҳалла-кўйда кўрасиз. Тўй-маъракалар, ҳайиту ҳашарлар маҳаллаларимизда ўзгача акс этади. Шу тариқа маҳаллаларда жамоатчилик фикри шаклланади. Бу эса халқимизнинг турмуш тарзи, ота-боболардан бизга мерос бўлиб келаётган тафаккур тарзидир.

Бугунги кунда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, миллий-қадриятларини сақлаш ва ривожлантириш орқали ўзлигини намоён этишга барча ҳуқуқ ва имкониятлар тўла таъминланган. Халқимиз томонидан истиқлолнинг дастлабки йилларидан виждон эркинлигини таъминлаш, диний ва миллий қадриятларимизнинг қайта тиклаш ва ривожлантириш борасида давлатимизнинг олиб бораётган сиёсатига катта ишонч билдирилаётгани бугунги кунда ушбу йўналишдаги хайрли ишларнинг тобора изчиллик билан ривожланиши тимсолида яққол намоён бўлмоқда.

Э.Отажанов

Боғот тумани “Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *