ҲАМЖИХАТ БЎЛИБ ҚАТЪИЯТ БИЛАН ҲАРАКАТ ҚИЛАЙЛИК

Бугунги кунда халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар, айрим минтақаларда иқтисодий ночорлик, ишсизлик, қашшоқлик кучайиб бораётгани бутун инсониятни қаттиқ хавотирга солмоқда. Айниқса, кейинги пайтда Яқин Шарқ мамлакатларида содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг ижрочилари қаторида миллатимизга мансуб кимсалар ҳам борлиги барчамизда афсус ва надомат уйғотади. Тинчликсевар халқимиз бундай шахсларни, уларнинг қилмишларини кескин қоралайди. Улар ўзбек деган номга иснод келтиряптилар.

Бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг муҳим масала эканлигини давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида таъкидлаб ўтдилар. Ушбу муносабат билан биз кўп жойларда “Жахолатга қарши маърифат” ташаббуси билан тадбирлар тизимини йўлга қўйдик. Ислом дини инсониятни нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка чақириши ҳеч кимга сир эмас. У ҳеч қачон зўравонликка, бузғунчиликка, хунрезлик ва қотилликка тарғиб қилмайди. Ушбу ҳақиқатни кўр-кўрона суистеъмол қилаётган баъзи бир ислом ниқобидаги дин душманлари, ғўр ёшларимизни нотўғри, сохта диний ақидалар билан адаштириб ўзларининг манфур мақсадларини амалга ошираётгани барчамизни ташвишга солади.

Йўлдан адашган ёшларни дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз деб билишимиз керак. Ким чин дилдан тавба қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради. Ушбу ҳақиқатни англаб, Хоразм вилоятида “диний экстремистик оқим аъзолари” сифатида рўйхатда турган фуқароларнинг астойдил пушаймонлиги ва адашганлигини англаб етганлиги сабабли уларни рўйхатдан чиқариш учун махсус гуруҳ шакллантирилиб, гуруҳларимиз самарали натижаларга эришмоқда. Албатта, имом-хатиблар Аллоҳ йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Нафақат адашганлар балки барча фуқаролар ўртасида соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилиш ва бу борада ибрат бўлиш имом-хатибларнинг бугунги кундаги вазифаларидир. Бу эса, улкан ва шарафли масъулият ҳисобланади. Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев бизларга қарата: “Адашганлар ҳақида гапирганда, жамоатчилигимиз, имом-хатибларимиз, керак бўлса, туман хокимига бориб, “бу йигитга иш беринг, уй беринг, у ўзи асли ёмон одам эмас экан, кимнингдир ноинсофлиги, адолатсизлиги туфайли шу кўйга тушибди” деб айтишдан қўрқмасин” деб таъкидладилар. Ушбу масъулиятни ҳис қилган холда, адашганларни янги ҳаётга йўллаяпмиз.

Жойларда махсус ҳисобга олинган фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва муаммоларини ўрганиш ва унга амалий ёрдам бериш учун гуруҳимизда биз билан ҳамкор бўлган “Нуроний”, “маҳалла” жамғармалари, хотин-қизлар қўмитаси, банк муассасалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, ички ишлар идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар жавобгарликни ҳис қилиб янги тизим бўйича самарали иш олиб бордилар.
Гуруҳларимиз хонадонма-хонадон юриб, рўйхатдаги фуқароларнинг уйларига ташриф буюриб уларнинг оилавий аҳволи билан танишдилар. Ўзлари ва оила аъзолари билан суҳбатлашдилар. Уларни жамоат ишларига, дунёвий турмуш тарзига, шунингдек, уларнинг фарзандларини фан ва касб ҳунар тўгараклари, спорт мусабоқаларига жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Тижорат қиламан, корхона очаман ёки оилавий бизнесимни ташкил қиламан, деганларига кредитлар ажратиш учун тавсиялар берилди.

Инсоннинг мафкураси ҳеч қачон бўшлиқдан иборат бўлмайди. Инсон қалби, мияси тафаккур қилар экан, ахборот, маълумот олишда давом этар экан унда ижобий ёки салбий мафкура ҳосил бўлиши муқаррар. Шунинг учун, ёш ўсиб келаётган фарзандларимизга маънавий озуқа керак. Бундай озуқани эса у ўзи яшаб турган муҳитдан олади. Шундай экан, биз имом-хатиблар, жамиятимиз, ёшларимиз маънавияти, ғоявий мафкуравий тарбияси учун масъулмиз. Бу борада астойдил, янада фаол бўлиб, халқимизнинг юксак маънавияти, ёшларимизнинг одоб-ахлоқи юксалиши учун ибрат ва намуна кўрсатишимиз лозим деб биламиз.

 

Х.Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *