ОММАВИЙ МАДАНИЯТНИНГ ЁШЛАР ТАРБИЯСИГА ТАЪСИРИ

Ахборот воситалари ривожланиб борган сайин улардан ғаразли мақсадлар учун фойдаланаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. Бундай мақсадларни кўзлаганлар инсон руҳиятига таъсир этувчи маълумотларни тарқатиш, авваллари инсонлар қилишдан жирканадиган ишларни бемалол амалга оширишнинг уят ва айб саналмаслигига ишонтириш орқали таҳдид солмоқдалар. Жамиятнинг маънавий жиҳатдан заиф қатлами ҳисобланувчи ёшлар онги ва шуурига таъсир этувчи, уларни ҳаёсизлик ва ахлоқсизлик кўчасига олиб кирувчи иллатларни тап тортмасдан қилаверишга ундовчи бу таҳдид «Оммовий маданият «ниқоби остида кириб кела бошлади.

Буларнинг ноғорасига ўйнаётган баъзи ёшлар ҳатти-ҳаракатлари, кийиниши ва баданига ҳар-хил сурат чиздиришлари билан, ғарбга тақлид қилиш баробарида ўзларини қайси найрангбозларнинг қўғирчоқларига айланиб қолаётганларини сезмаяптилар ҳам. Ўзларича маданият, мода ва замон талаби деб атаётган нарсалари, миллий қадриятларимиз томирига урилаётган болта эканини наҳот тушиниб етишмаса.

Муқаддас динимиз аҳкомларида ҳам бундай ҳаёсизлик ва ахлоқсизликка олиб борувчи ишлар қораланади. Аллоҳ таоло “Анъом” сураси 151-оятида марҳамат қилади: «Фаҳш – гуноҳ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг».

Мўмин-мусулмон нафақат фаҳш, бузуқ ишларни қилмаслиги, балки уларнинг яқинига ҳам бормаслиги керак. Чунки яқинига борганда, уни қилиш хавфи кучаяди. Лут алайҳис салом ўз қавмига шундай деган эди: Эй қавм! Ўзларингизни (нафсларингизни) покланглар, фаҳш ишларни тарк қилинглар, эй кавм: албатта сизларнинг бу қилаётган ишингиз ҳаром, Аллоҳ сизлар мана шундай ҳидоятсиз ташлаб қўймас эди, мени сизларга элчи қилиб юборди. Мен сизларданман, бу ҳаром ишнинг қаршисида жим туролмайман, эй қавм: Аллоҳга тавба қилинглар ва ниятларингизни унга холис қилинглар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан).

Бу маънавий-ахлоқий иллатларнинг таъсири натижасида кишиларда бир қатор кўринишлар намоён бўлади.

1. Ахлоқий бузуқлик, яъни жамоат жойларда ўпишиш, шаҳвоний фильм ва суратлар кўриш.

2. Зўравонлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи фильмлар ва компьютер ўйинларига одатланиб қолиш.

3. Ўзим бўлсам бўлди, ўзга билан ишим йўқ тушунчасида қотиб қолиш.

4. Барча нарсага шахсий манфаат назари билан ёндашиш.

5. Шахсий манфаатни ҳар нарсадан устун қўйиш. Бу борада ҳеч ким билан ҳисоблашмаслик, ҳаттоки ота-она ҳурмати ва фикрини ҳам менсимаслик

6. Ўз нафсининг қулига айланиш.

7. Ҳаёсизлик, гиёҳвандлик, ичкиликка, тубанликка юз тутиш.

8. Ғайри инсоний “никоҳ”лар, жинслар ўртасида ҳайвоний ҳирсга берилиш каби салбий оқибатлар.

Равшан бўлдики, “оммавий маданият” ёшларнинг маданий онгини тўғри шаклланишига салбий таъсир кўрсатиб, уларни худбин қилиб вояга етказади. “Сенга эркинлик берилади, билганингни қил, ёшлигингда айшингни сур, хоҳлаган ишни қил, озод ва хурсанд, ҳаттоки ота-онанг ҳам сенга хўжайин эмас” деган сафсаталар ёшларни ҳар қандай диндан ва маданиятдан чалғитади ва жамият олдидаги масъулиятини йўққа чиқаради, фарзандлик бурчларидан, инсонийликдан ҳам бегона қилади.

Кўринишидан ва аталишидан оддий нарсага ўҳшаган «оммавий маданият» ниқоби ортидаги бу оммавий ахлоқсизликдан миллатнинг келажаги бўлган ёшларни асрашимиз ва ўз миллий ва диний қадриятларимизни уларга ўргатишимиз шарт ва лозимдир.

Ш. Атажонов

Хива тумани “Шайх Мавлон бобо”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *