МИССИОНЕРЛИК ХАВФИ

Юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланган бўлиб, фуқароларимиз хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, бир дин вакилини бошқа бир динга тарғиб қилиш (миссионерлик), мажбуран ёки алдов йўли билан бошқа динга ўтказиш (прозелитизм), миллий ва диний низолар келтириб чиқаришга, мамлакатни ва миллатни ичдан бўлиб ташлашга хизмат қиладиган (сепаратизм) каби ҳаракатлар таъқиқланган.

Миссионерлик луғатда “жўнатмоқ”, “топшириқ” маъноларини англатиб, бир дин вакилини иккинчи бир динга тағиб қилиш ҳолатини англатади. Миссионерлик, аслида барча динларга тегишли тушунча бўлса ҳам, ҳозирги кунда асосан христианлик динининг протестантлик йўналишидан алоҳида ажралиб чиққан оқимларнинг миссионерлик фаолияти кўзга ташланади. Миссионерларнинг фаолияти ўрганиб чиқилганда уларнинг мақсади фақат ўз динларини тарғиб қилиш эмас, балки, “Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил” деган ғояни ўзларига асосий мақсад қилиб олган кучларнинг режаларини амалга ошириш учун ҳаракат қилинишини аниқлаш қийин эмас. Бунга мисол қилиб, аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган Судан давлатининг миссионерлик ҳаракатлари натижасида хриситианлар ва мусулмонлар ўртасида келиб чиққан диний низолар сабаб иккига бўлиниб кетиши, Индонезия давлатидан “Шарқий Тимор” оролининг алоҳида ажралиб кетишини ва шу каби бошқа ҳолатларни ва келтириш мумкин. Мисионерлар турли даврларда ўз фаолиятини турлича усулда олиб борганлар. Ҳозирги кун миссионерларининг асосий қуроли интернет ва бошқа ахборот тарқатиш воситалари ҳисобланади. Шунингдек, хорижга ишлаш учун чиққан ёшларни ўз динларига тарғиб қилиш ҳоллари учраб туради. Россия телеканалларидан бирида христиан дини руҳонийси очиқдан очиқ “Ўзбекистондан келиб ишлаётган ёшлар черковларга кам қатнайди. Уларнинг билимини, маданиятини ошириш учун ишдан кейин ҳар бирига Инжил ўқитиш керак” дея таъкидлаб ўтган. Холбуки, бугунги кунда черковга қатнаётганлар орасида рус миллатига мансуб ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил қилмайди. Қолаверса, ўзбек ёшларини билимли, маданиятли қилиш учун Инжил ўқитиш шарт эмас. Бунинг учун юртимизда етарли шароитлар, дунё тамаддунига ўзларининг ҳиссаларини қўшган буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси, ўлмас миллий қадриятларимиз, пухта ишланган ёшлар тўғрисидаги давлат сиёсати ва муқаддас динимиз мавжуд.

Диншунос мутахассисларнинг айтишича, Инжил ва Таврот Бани Исроил қавми учун хос ва мос нозил қилинган бўлиб, бошқа миллатларга тарғиб қилиш буюрилмаган. Бу қоидага яҳудий миллати амал қилади ва динларини яҳудий миллатидан бошқа миллатга тарғиб қилмайди. Христианларнинг миссионерлик билан шуғулланишини диншунослар ўз динларига ўзгартириш киритиш деб баҳолашади.

Юртимизда шу кунгача бир неча дин ва секталар томонидан миссионерлик фаолияти олиб борилаётгани аниқланиб, фаолияти тўхтатилган ва қонуний чоралар кўрилган. Бундай секталарга “Иегова шоҳидлари” сектаси, “Христиан баптистлар”, “Тўлиқ инжилчилар”, “Еттинчи кун адвентистлари” ва бошқа секталар ҳаракатини мисол қилиб келтириш мумкин. Жаҳон ОАВлари хабарларига назар ташласак, бугунги кунда миссионерлик фақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё хавф туғдираётгани йўқ. Балки, баъзи Европа давлатлари ва Христианликнинг православия йўналиши ҳам миссионерликнинг жабрдийдалари ҳисобланишади. Миссионерлик таъсирига тушган ёшлар черковнинг талабини бажариш учун, миссионерлик фаолиятини ривожлантириш учун бор будини сотиб черковга топширганлари ҳақида маълумотлар учрайди.

Миисионерлик таъсирига учраганларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуси йўқолади. Ватаннинг муқаддаслигини, ўз ватанларини ҳимоя қилишни инкор қилишади. Ўз эътиқоларини тан олмаган яқинларидан, оиласидан ҳатто ота- онасидан воз кечишади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, баъзи миссионерлик билан шуғулланувчи секталар ўз сафларини кенгайтириш мақсадида инсонларга ўз нафсоний, жисмоний ва шаҳвоний истакларини қондириш учун барча усул ва воситаларни (бир хил жинс вакилларининг никоҳини, гиёҳвандликни, яқин қариндошлар ва бошқа жонзотлар билан қўшилишни) ҳалол дея тарғиб қилишади. Агар миссионерларнинг бу тарғиботларига амал қилинса, инсон ўзининг маънавиятидан жудо бўлади. Инсон деган номга номуносиб бўлади.

Х. Адамбоев

Янгибозор тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *