ЮРТИМИЗДА ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАГА БЕРИЛАЁТГАН ЭЪТИБОР

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади туради. Фуқаролар манфаатларини фақатгина тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш орқали таъминлаш мумкин.

Бугун дунё коронавирус пандемияси билан боғлиқ инқирозга дуч келган бир шароитда кўплаб минтақаларда миллатлараро ва конфессиялараро зиддиятлар кучаяётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис, бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун бирдамликни сақлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда аҳолининг кўп миллатли бўлишига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг қулай омили сифатида қаралмоқда. Ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳисобига халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўси ошиб бормоқда.

Хусусан, мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқитиш етти тилда олиб борилади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини ўн икки  тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда  газета ва журналлар нашр этилмоқда. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида 138 та миллий маданий марказ, бундан ташқари, 16 та конфессияга тегишли 2300 га яқин диний ташкилот фаолият юритади.

Бу борада яхлит, чуқур ўйланган сиёсат ва уни амалга оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилиб, миллатлараро ва динлараро тотувликни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда. Бу ислоҳот ва ўзгаришларнинг негизида конституцион ҳуқуқ ва кафолатлар ётганини алоҳида қайд этиш лозим. Шундан келиб чиқиб, бу борада қуйидаги далилларни келтириб ўтиш зарур.

Биринчидан, турли миллат ва дин вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун конституциявий кафолатлар белгиланган. Бунда, энг аввало, фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш алоҳида эътиборга олинган.

Мазкур соҳада Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий тамойиллари сирасига фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, миллат ва элатларнинг маданий, тил ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатларини ўзаро ҳурмат қилиш киради.

Конституциявий кафолатлар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фуқароларга жамоат ва давлат қурилишида иштирок этишни таъминлайди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни ўрнатиш сиёсати Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга тўла мос келади.

Иккинчидан, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш Ўзбекистоннинг замонавий давлат сифатида ривожланиш стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланади. Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда ­Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги тўрт йилда миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ва 40 га яқин қарорлар қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти фуқароларнинг дини ва миллатидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, шу жумладан, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятини оширишга қаратилган.

Масалан, диний ташкилот фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатлари ижро ҳокимияти — адлия органларидан судларга ўтказилиб, уларнинг фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланди. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи миқдори беш бараварга камайтирилди, ҳисоботларни тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди. Бундан буён диний ташкилотлар фақат йилда бир марта ҳисобот тақдим этади.

Шунингдек, 2019 йилда миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Шу билан бирга, диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қанча қарорлар қабул қилиниб, унга кўра, мазкур соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш, турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасида конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни шакллантириш бўйича янги тизим жорий этилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди, Дин ишлари бўйича қўмита фаолияти такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита таркибида аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этилди,  шунингдек, ушбу йўналишдаги ишларни назорат қилувчи раис ўринбосари лавозими ҳам жорий этилди. Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика тарғибот гуруҳи ташкил этилди.

Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида Академия таркибидаги малака ошириш Маркази ҳудудий филиаллари ташкил этилди.

Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида «Зиё» медиа-маркази ташкил этилиб, у аждодларимизнинг диний-илмий меросини кенг тарғиб қилиш, диннинг ҳақиқий инсонпарварлик мақсадини ҳамда диний-маърифий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминловчи асосий медиа-тузилма ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва шу каби бошқа объектларнинг реконструкциясини молиялаштириш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда ушбу соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

2018 йилнинг январь-апрель ойларида Республика миқёсида бир неча босқичдан иборат (туман, шаҳар, вилоят, республика) Қуръони карим тиловати бўйича қорилар очиқ мусобақаси ташкил этилиб, унда 5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди.

Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди.

Ислом цивилизацияси маркази томонидан Ўзбекистонда Марказий Осиё мусулмон мутафаккирларининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган 10 дан ортиқ китоб ва рисолалар тайёрланди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва термизлик бошқа олимларнинг 20 дан ортиқ асарлари ўзбек тилига таржима қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорий,  Имом Мотуридий, Имом Насафий, Алоуддин Усмондий, Саффар Бухорий ва ҳ.к. каби улуғ алломалар асарларининг аксарияти таржима қилиниб, 50 дан зиёд китоб нашр этилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида жами 2276 та диний ташкилот ва 16 та диний конфессия фаолият юритиб келмоқда. Шулардан 2093 таси мусулмон ташкилоти, 166 та христиан ташкилоти, 8 та яҳудий жамоаси, 6 та Бахоийлик жамияти, 1 та кришначилар жамияти ва 1 та будда ибодатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият кўрсатмоқда.

2019 йилда Ўзбекистонда 10 та янги жоме масжид очилди, натижада масжидларнинг умумий сони 2300 тадан ошиб кетди. Бундан ташқари, мамлакат миқёсида 50 тадан зиёд жоме масжид биноси бутунлай қайтадан бунёд этилиб, 225 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди.  Республика микёсида янги масжидлар кайта қурилди ва қайта таъмирланди.

Ўзбекистонда Тошкент Ислом университети, «Мир Араб» олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 9 та мадраса, жумладан, 2 та ихтисослаштирилган хотин-қизлар ўқув юрти, Тошкент православ семинарияси, Тошкент христиан семинарияси каби диний таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб Термиз шаҳрида янги мадраса очилиши режалаштирилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларига қаратилди. Ушбу соҳада амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар «Жаҳолатга қарши маърифат» деган эзгу ғояга асосланган.

Бугун биз яшаётган давр инсон тамаддунининг энг ривожланган чўққисига кўтарилган даври, илм-фан, техника-технологиялар ривожланган ва юксак имкониятлар эшиги очиқ давр ҳисобланади. Буни бир сўз билан айтганда глобаллашув асри деб аташ мумкин. Бу давр ўзининг ахборот оқимининг тезлиги, интеграциялашув ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, замонавий коммуникацияларнинг йўлга қўйилиши каби таъсирлари орқали намоён бўлмоқда. Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, бу давр кенг имкониятлар даври бўлибгина қолмасдан, балки у ҳозирги шароитда ғоявий, мафкуравий таъсир ўтказишнинг ўткир қуролига ҳам айланиб инсон ҳаётига ва у яшаётган жамиятга таъсир ўтказиши мумкин.

К.Бабажанов

Хонқа тумани “Халифаи Худайқули эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *