СОФ ИСЛОМИЙ ТУШУНЧАЛАРДА ҲИЖРАТ МАСАЛАСИ

Ҳозирги кунда Ислом динида учрайдиган баъзи бир сўзларни (терминларни) нотўғри талқин қилиш ҳисобига турли тушунмовчиликлар, бесабаб фитналар зуҳур бўлиб турмоқда. Мусулмонлар ўртасида фасод ишлар кўпаймоқда. Бу каби қабиҳликка ва гуноҳга олиб келадиган амаллардан сақланиш учун Исломий терминларнинг баъзи бирлари билан танишиб чиқишни ва бунга доир Аҳли сунна вал жамоаэътиқодини билиб олишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Хижрат – бусўз араб тилида бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиш маъносини англатади. Исломий истилоҳда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшаган ва Ислом динига иймон келтирган кишиларнинг Ҳабашистонга, кейин эса Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида ҳижрат қилинишига сабаб У зот бошчилигидаги мусулмонларнинг ўз юртларида сиғмай, аниқроғи, иймон эътиқодлари ва ҳаётлари хавф-хатарга тушиб, ҳалок бўлиш эҳтимоли кучайгач, мажбурликдан чиқиб кетишлари эди.

Олимларимиз саҳиҳ ҳадисларга суянган ҳолда ҳижратни иккига бўлишади. Биринчиси – юқорида айтилганидек дин ва ҳаётни қутқариб қолиш учун бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиш. Иккинчиси –гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган (ҳижрат қилган) инсон ҳақиқий муҳожирдир”. Бошқа ҳадисда Имом Байҳақий ривоят қилиб айтадилар: “Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”.

Бугунги кунда баъзи ғаламислар ва мутаассиб кишилар бонг ураётган ҳижрат тушунчаси (термини) мутлақ бошқа маъноларни билдирмоқда. Улар оятлар ва ҳадисларни замон ва макон ҳолатидан келиб чиқмасдан, ўзларича, турли фатволар ва ҳукмларни эълон қилмоқдалар. Хусусан, илм-маърифат олиш учун имкониятлар тўла яратилиб қўйилган, намоз, рўза, ҳаж ва бошқа Ислом арконларини бажариш учун барча имкониятлар муҳайё қилиб қўйилган ўлкани тарк этишни фарз даражасига чиқариб, ўз юртларидан “ҳижрат қилишга” даъват этмоқдалар. Бегона юртларда сарсон бўлиб, қурол ишлатишни, зўравонлик қилишни ўргатмоқдалар.

Ҳанафий мазҳаби олимлари ғаламис ва мутаассиб кишиларнинг сўзига қуйидаги хабарлар билан раддия берадилар:

Ал-Фоқиҳий ўзининг “Макка хабарлари” асарида шундай ёзади: “Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёнини ўғирлашади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб борилганида, ўғри ўз қилмишини шу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи эканлигини айтиб оқланмоқчи бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ишини қоралаб, Маккага қайтишлигини ва ўз юртида муқим яшашни буюрадилар. Ва қўшимча қилиб: “Ҳижрат тўхтатилди” дея таъкидлайдилар.

Абдулло ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим” – дейди. У киши эса: “Ота-онангни олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин” – деб жавоб бердилар.

Демак, “ҳижрат” калимаси баъзи кимсалар талқин қилганидек, ўз юртини ташлаб, ўзга юртда мўминлик қилиш эмас экан. Балки ўз юртида туриб, ибодатларни мукаммал бажариш, гуноҳу маъсиятлардан сақланиш ҳақиқий мўминлик бўлар экан.

 

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *