ЎЗБЕКИСТОНИМИЗДА ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТЛАНГАНДИР!!!

Маълумки, Ўзбекистон давлати мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ ва қатъий белгилаб олди. Давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” деган аниқ тамойиллар асосида белгиланди. Бу тамойил бош қомусимиз Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган.

Эътиқодлар хилма-хил бўлган ва кўп миллатли жамиятда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тотувлик муҳити, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш ижтимоий ҳаёт фаровонлигига эришишнинг асосий гаровидир.

Дин шахсий дунёқараш ва амал бўлиб, қонун уни тўлиқ кафолатлайди, ҳар бир шахсни диний ҳиссиётлари камситилишидан ҳимоялайди.

Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланади. Мамлакатимизнинг ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсати халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.

Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу боис, парламентимиз томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Ушбу мақсадда, Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.

Демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилди.

 тайёрлашда шу борадаги халқаро меъёрва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари пухта ўрганилиб, улардаги асосий қоида ва тамойиллар инобатга олинди.

Юртимизда тарихан шаклланган анъана, урф-одат ва қадриятларни ҳисобга олган ҳолда, Қонунда ҳамкорларимиз – Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмаларэкспертларитомонидан берилган тавсиялар ўз аксини топди.

Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида гапирганда, улар диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш лозим.

Қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.

Негаки, қонун атамаларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли тушунмовчиликлар, масалага нохолис ёндашув ҳолатлари вужудга келиши мумкин. Шу каби омиллардан келиб чиқиб, Қонунда ҳар бир инсоннинг Конституциямиз билан кафолатланган ҳуқуқларига мос равишда, фуқароларга диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.

Ушбу қўшимчалар жамиятда турли конфессиялар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, юз бериши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Диний қараш ва таълимотларнинг турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик мақсадида “ноқонуний диний фаолият” билан “қонуний диний фаолият” ўртасидаги чегара аниқ белгилаб қўйилди ҳамда “диний таълим” тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик киритилди.

Шунингдек, Қонун билан белгилаб қўйилаётган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаймиз, Ўзбекистон – кўп конфессияли мамлакат. Унда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 конфессияга амал қилади. Уларнинг ўзаро тинч, тотув ва ҳамкор фаолият кўрсатиши Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани қайд этилди.

Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

Умуман олганда, ушбу Қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътирофэтилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир.

Қонун турли динларга эътиқод қилувчи мамлакатимиз фуқаролари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларини сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш, уларнинг диний эътиқод билан боғлиқ қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши ҳамда тўлиқ таъминланишини кафолатлайди.

Бу эса, ҳеч шубҳасиз, янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни дунёга тараннум қилишнинг энг муҳим шарти ва гаровидир.

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.