ТАКФИР-МУСУЛМОН УММАТИ БИРЛИГИГА РАҲНА СОЛУВЧИ ТАҲДИДДИР

Ушбу мақоламиз орқали сиз азизларга муқаддас динимизда ТАКФИР тушунчаси тўғрисида илмий асослар орқали раддия бериб ўтамиз.

Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (РА) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хоридийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (РА), Али ибн Толиб (РА) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган.

Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутаассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл орқали ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қилади.

Дарҳақиқат, ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Ҳанафийлик мазҳаби ва мотурудийлик ақидасига мувофиқ, имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш саналади. Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади. Шариатга кўра, қалбни фақат Аллоҳ биланди. Шунга кўра, мусулмон одамнинг имони ҳақида ҳукмни ёлғиз Аллоҳ чиқаради. Бунга мазкур ҳадис далил бўлади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли ани кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар”. (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис).

Дунё уламолари бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкин экани ҳақида огоҳлантиради, чунки исломда кофир бўлиш билан ўта хатарли ҳолатлар юзага келади: у билан турмуг ўртоғи орасида никоҳ бузилади, болалар унинг қарамоғидан чиқади, вафот этса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига қўйилмайди ва меросдан маҳрум бўлади, ўша ҳолда ўлганда дўзаҳий ҳисобланади. Шу сабабли уламолар бировни кофирликда айблашдан ўзларини тийганлар ҳамда бошқаларни ҳам бундай ишдан қайтарганлар.

Афсуски, айрим ёшларимиз Интернет насл-насаби, диний маълумоти кимга хизмат қилиш номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолатдир.

Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати нудан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавми қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда раҳнамо” ва “устозлари” томонидан гўёки “ҳижрат”га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ўлкаларга чорламоқда. Мазкур ҳудудларга борганларэса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби исломда буткул ҳаром қилинган қабиҳ, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охир оқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда. Уларга эргашиб беқарор ҳудудларга бориб қолган турмуш ўртоқлари, сингил ва фарзандларининг аянчли тақдирини “Меҳр” операциялари доирасидаВатанимизга қутқариб олиб келинган ожизалар ва гўдакларнинг кўз ёшлари ва аччиқ қисматижа кўришимиз мукин.

Шу нуқтаи назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жимиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишлари талаб қилинади.

 

Ш.Бойназаров

Хива тумани “Хон Исмоил Журжоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *