Мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида,ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам, охиратдаги мартабасини юксак қилаверади.
“Шаҳид” калимаси Аллоҳ таолонинг исми сифатларидан бири бўлиб, “Ҳар доим ҳозир бўлувчи зот” маъносида келади. Умумий лафзда эса Аллоҳ йўлида ҳалок бўлган кишига айтилади. Бу лафз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган хабарларга кўра икки турга бўлинган:
Биринчиси – ҳақиқий шаҳидлик. У Аллоҳ йўлида вафот этган, ҳалок бўлган шахсдир. Бу даражадаги мусулмон киши вафот этганидан кейин қабр азобидан омонда қолади. Қиёмат кунида барча гуноҳари кечирилиб, тўғри жаннатга киради.
Иккинчиси – ҳукмий шаҳидлик. Ҳадисларда келганидек, бунга ғайритабиий йўл билан ҳалок бўлган мусулмон кишилар киради. Мисол учун, биров томонидан ёки ҳайвон томонидан ўлдирилган, том босган, табиий офат, турли касаллик, заҳарланиш, Ҳаж вақтида, сувда чўкиб ва ҳоказо ҳолатларда вафот этган кишиларга “ҳукмий” шаҳид дейилади. Шунингдек, Ҳанафий олимлари зулм кўриб вафот этган, йўл тўсар қўлидан ёки қотиллар қўлидан вафот этган мусулмонларни ҳам ҳукмий шаҳидга киритганлар.
Лекин, ҳозирги кунда, интернет сайтларида портловчи мосламаларни кийиб, тинч аҳоли ўртасига кириб ўзини портлатаётганларни ҳам шаҳид мақомига кўтараётган “олимлар фатвоси”га дуч келишингиз мумкин. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги ғазотлардан мисол келтириб, нотўғри ҳукмларни чиқараётганлигига гувоҳ бўласиз. Улардан бири Барро ибн Моликнинг Ҳанифа ғазотида қамал қилинган қалъада “Мени кўтариб ичкарига отинглар, эшикни очаман” – дея саҳобаларга айтган сўзларини ҳужжат сифатида келтиришади. Барро ибн Моликнинг бу иши хатарли эди, лекин шунга қарамасдан унинг тирик қолишига юздан эллик фоиз имконият ҳам бор эди. Бироқ ўзига портловчи мосламани кийиб, уруш эмас, балки тинч аҳоли ўртасига кириб ўзини портлатишда тирик қолиш учун бирон фоиз ҳам имконият йўқ-ку?!
Уларнинг бошқа далили Абу Айюб Ансорийнинг разияллоҳу анҳу сўзларидир. Мусулмон киши жанг пайтида душман сафига тушиб қолиб, шаҳид бўлишлик ҳақида айтганларини ҳужжат сифатида келтиришади. Бу ҳужжат ҳам ўзини тинч аҳоли ўртасига олиб кириб, портлатиш учун асос бўлмайди. Сабаби, киши душман сафига кирса душман томонидан ўлдирилинади. Ўзининг тиғидан ўлса шаҳид бўлмайди. Ундан кейин душман билан урушда юзма-юз келинади. Одамлар дам олиб ўтирган, тижорат ва бошқа мақсадда юрган жойлар уруш жойлари ҳисобланмайди.
Ўзини мусулмонлар ва ғайримусулмонлар ичига отиб, портлатиш Қуръон ва Сунна ҳужжатларига мувофиқ ўша кимса гуноҳкор бўлади ва абадий дўзах оловида ёнади. Бу кимса “ўз жонига суиқаст қилган” ҳамда бошқаларнинг ҳаётига бесабаб зарар берган ҳукмида бўлади. Бунинг далили сифатида “Нисо” сурасининг 93 оятини келтирамиз: “Ким қастдан бир мўъминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг азоби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта, жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”. Бошқа ҳадисда Абу Ҳурайрадан разияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким ўзини тоғдан ташласа ва ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида абадий, доимий йиқилиб азобланади. Кимки заҳар ичиб, ўзига суиқаст қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичиб абадий, доимий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига уриб абадий, доимий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз жонига қаст қилишни қоралаб ҳаётни қадрига етишни улуғ санадилар. Бу каби ҳатти ҳаракатлардан қайтариш мақсадида ўз жонига қаст қилганларни жанозасини ўқимадилар.
Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди. Шаҳидлик улуғ мартаба бўлиб, уни фақат холис ниятли, соф эътиқодли, покиза қалбли инсонларга муяссар қилинади. Аллоҳга холис ибодат қилинг, қалбингиз тоза бўлсин, инсониятга марҳаматли бўлинг, мусулмонларга хайрихоҳ бўлинг, илм-маърифат ўрганишни канда қилманг, илм аҳлига муҳаббат кўрсатинг, шояд Яратган Эгам Сизни ҳам шаҳидлар қаторида айласа!
Р.Рахимов
Янгиариқ тумани “Хазрати Ғоиб ота” масжиди имом-ноиби