2017 йил 24 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3241-сон қарори
Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти ва аҳамиятини, халқимизга мансуб меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи эканини эътиборга олиб, миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш мақсадида:
- Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 1 сентябрь жума кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2017 йил 1 сентябрь мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин.
- Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.
- Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев