ЁЛҒОНЧИЛИК ИСЛОМ ДИНИДА ҚОРАЛАНАДИ

Ислом таълимотларига кўра балоғатга етган ҳар бир инсонинг барча маънаваий жиноятлари, жумладан, заррача ёлғони ҳам жазосиз қолмайди. Ҳар бир ёлғони номаи аъмолига ёзиб борилади ва улар учун қиёмат куни жазосини албатта олади. Ёлғончи Аллоҳни душмани ҳисобланади ва қиёматда энг оғир азоблар ила жазоланади. Умуман олганда, озгина-бўлсада, Аллоҳга имони мавжуд, қиёматдан умиди бор инсонлардан ташкил топган жамиятда заррача ёлғонга ўрин қолмайди. Шунингдек, бундай жамиятнинг каттаю-кичик, эркагу-аёл, фуқарою-уламо, камбағалу-амалдорлари ҳам ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ҳаракат қиладилар. Ёлғон фақат ёғончининг шахсига эмас ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатдан ўта муросасиз муносабатда бўлинган ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган. Имом ибн Ҳожар ва Имом Заҳабирй: «Узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир»,  деганлар. Аллоҳ таолога ва расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир. Қуръони каримда ёлғон ҳақида 167 оят бор. Жумладан Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 105-оятида марҳамат қилади. «Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар  ўзлари ёлғончилардир», деган.

Бу ояти каримда уқтирилишича, алида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар, чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушинча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар. Исломда  бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор берилади, унга қарши курашилади.

      Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра р.а.дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам «Ким бир гўдак болага мана буни ол десаю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дедилар. Ушбу ҳадисни бугунги кунимизга солиштириб кўрсак, атрофимизда нималар бўлаётганини яна ҳам аниқроқ тушунамиз. Ёлғончилик туфайли бошимизга тушган мусибатлар қилмишимизга таққослаб кўрилганда, бу кўргуликларимиз ҳали оз эканини билиб оламиз. Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча эзгу ишларни бузади ва ўз эгасининг обрўсини тўкади. Одамлар ёлғончининг гапига ишонмай қўядилар ва унга бирор ишни ишониб топширмайдиган бўладилар. Ҳаётнинг ҳар қандай соҳасида – хоҳ олди-сотди муомалаларида бўлсин, хоҳ ишлаб чиқариш соҳасида бўлсин, хоҳ маиший хизмат соҳасида бўлсин, кишилар ўртасида ўзаро ишонч бўлмоғи лозим. Ёлғон эса ишончни йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ёлғончиларни йўлдан адашганлар қаторига қўшади. Бу ҳақда Ғофир сурасининг 28-оятида марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошган, каззоб шахсни ҳидоят қилмас».

      Ушбу ояти каримада каззоб шахс ҳаддидан ошган киши бўлиши таъкидланмоқда. Бундай ёлғончи одам гап-сўзида ҳаддидан ошиши келиб чиқади. Энг дахшатлиси, ёлғончини Аллоҳ таоло ҳидоят қилмас экан. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, ҳадисларида ҳам ёлғон гапириш қаттиқ қораланади. Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам «Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар.

      Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда, ёлғончи бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Қурони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар. Бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандалигидан қутилмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан. Бу ишда каттаю кичик, эркагу аёл, фуқарою амалдор, шоҳу гадо баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ёлғончиликдан ва ёлғончиларнинг касридан Ўзи асрасин.

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *