КЕКСАЛАРНИНГ НАСИҲАТИ ЁШЛАР УЧУН БОҒБОН НИҲОЛНИ ТАРБИЯ ҚИЛГАН КАБИДИР

Бизни яратган зотнинг  хикмати ила инсонга кўп умр берилса  кексалик ёшига етади. Ёши катта одамнинг албатта ҳаётий тажрибаси ҳам катта бўлади. Ёшлар нуроний қарияларнинг тажрибасидан фойдаланиб ибрат ола билса, улуғ марраларга етишади. Аллоҳ таоло инсон тақдирига қанча умр белгилаб берган бўлса шу белгиланган умрни яшайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Бирор узоқ умр кўрувчининг умри узайтирилган бўлса ёки умридан камайтирилган бўлса, албатта, у Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир”. (Фотир сураси, 11-оят).

Кексаларнинг панду-насихатлари ҳамма замонда ёш авлод учун дастурул амал бўлиб келган. Луқмони Хакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз? ”, деб сўрадилар. “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб берди у киши.

Фарзандлар учун ота оналарнинг насиҳатига қулоқ солиши ва уларга итоат этишни динимиз амр қилади. Ҳадисда айтиладики: “Отага итоат этиш Аллоҳга итоат этишдир. Унга гуноҳкор бўлиш Аллоҳга гуноҳкор бўлиш билан баробардир” Кексаларнинг дуосини олиш ва улар орттирган тажрибалардан фойдаланиш лозим. Ёши улуғ зотларнинг орамизда бўлиши Аллоҳ таолонинг бизга улуғ марҳаматидир. Уларнинг дуолари сабабли эл юртимизга барака кириб, Аллоҳ таъоло бизни бало офатлардан сақлайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди”.

Фарзандларнинг камолоти ота онасига итоатда ва уларнинг ҳизматини қилишдадир. Зеро, ҳадисда айтилади: “Ота-оналарингизга қандай яхши муомала қилсангиз, фарзандларингиз ҳам сизга шундай муомала қиладилар”. Адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақозо этади. Зеро, Аллоҳ таборака ва таоло марҳамат қилиб айтади: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир”.

Инсонга узоқ умр берилса, у умрини яхши амаллар қилиш билан машғул этса инсонларнинг энг хайрлиси шу инсон бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар: “Одамларнинг яхшиси узоқ умр кўриб, шу умрини яхши амал билан ўтказганидир”. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни ўз ота-онасига яхшилик қилишга амр қилиб бундай дейди: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик…” (Анкабут сураси, 8-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”. (Исро сураси, 23-оят).

Бизнинг юртимизда ҳамма вақт кексалар эъзозда бўлган. Ёшлар улардан ибрат олганлар, ҳаёт йўлларини ўрганганлар. Эътибор берган бўлсак динимизда улуғ ёшдаги кишиларни эҳтиром кўрсатиш ибодат даражасига кўтарилган. Бизни яратган Холиқ зот ўзи бизни кексаларга, ота оналаримизга яхшилик қилишга буюрган. Шундан маълум бўладики, инсон қандай мавқеъ ва даражага эришмасин фақат ва фақат тажрибали, ҳаётнинг хар жабхасини бошидан ўтказган ёши улуғларимизнинг насиҳатларини олиш, дуоларини олиш ва уларни хурматлаш билан етишади. Чунки барака ёши улуғларимиз билан биргадир.

Ш.Болтаев

Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.