ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

Ислом динида тинчлик ва осоишталикка эътибор кучли, шунингдек, бағрикенглик унинг негизи ҳисобланади. Ислом дини жамият аъзоларини юксак инсоний фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялайди. Инсонпарварлик, халқпарварлик, адолат, ҳалоллик, бошқа дин ларга эҳтиром, олижаноб ахлоқни тарғиб этади. Ислом дини кибрни қоралайди, қабилачилик ва хурофотларга кескин қарши чиқади, ирсий биродарлик ўрнига инсоний биродарлик жамоаси бўлмиш “уммат” тушунчасининг киритилиши ҳам айнан Ислом динининг инсониятга шараф тожини кийдирганидан далолатдир.

Ислом дини ҳақиқий бағрикенглик ва меҳр-муҳаббат динидир. У ўзининг илк давридаёқ тинчликпарварлик дини сифатида намоён бўлиб, ўзидан олдинги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади. Ислом биринчи кунларданоқ барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичишини таъкидлаб келади. Унинг таълимотига биноан, барча Пайғамбарлар биродардирлар, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик ва силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимки аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, Қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”.

Бағрикенглик бу – ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилиш, тушунмовчилик ҳолатида юмшоқ муомалада бўлишдир, тажовузга тўғридан-тўғри йўл очиб бериш эмас.

Биз эътибор беришимиз аҳамиятли бўлган яна бир жиҳат шундаки, жаҳон динларининг ичида фақат Исломдагина эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 256-оятида: “Динда мажбурлаш йўқ”, дея марҳамат қилади. Юнус сураси 99-оятида эса Аллоҳ таоло бундай дейди:

“Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлар эди. Бас,сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!”

Биламизки, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ўзга динларга меҳр-муруввати, адолатпарварлиги билан нафақат ислом дунёсида, балки бутун ер юзида машҳур эдилар.
У зотнинг Қуддус насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ, шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди. Бу зот Қуддусга фотиҳ сифатида кирганларида, “Қуддус ал-кубро” черковида турган вақтларида аср намозининг вақти кириб қолди. У зот кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб, черковни масжид қилиб олишмасин дея, бу ерда намоз ўқишдан бош тортганлар. Мамлакатимизда бошқа дин вакилларига ҳам қонун доирасида тенг шароит яратиб берилди.

Оғир машаққатлар ила мустақиллик қўлга киритилганидан сўнг Республикамизда виждон эркинлиги, дин ва диний ташкилотлир борасида туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Хўш, бу туб ўзгаришлар нималарда намоён бўлди?

Энг аввало, виждон эркинлиги масаласи, давлат билан диний ташкилотлар ўртасидаги муносабат масаласининг мустаҳкам негизи яратилди.

Шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда фуқаролар ва диний ташкилотлар учун кафолатланган ҳуқуқий имкониятлар тўла рўёбга чиқарилди ва бу ҳолат бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Юртимизда азал-азалдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда туғилиб, тинчлик, тотувлик ва осойишталик кайфиятида ўзаро баҳамжиҳат, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларига ҳурмат ва эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.

Ф.Матяқубов

Хонқа тумани “Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.