НОРАСМИЙ НИКОҲНИНГ ОЛДИНИ ОЛАЙЛИК

Сендан олдин ҳам расуллар юборганмиз ва уларга жуфту ҳалоллар, зурриётлар берганмиз”, (Раъд сураси 38-ояти) деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Никоҳ менинг суннатимдир. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деган Расулуллоҳ (с.а.в)га дуруду саловотлар, саломлар бўлсин.

Никоҳ шарти иккита гувоҳ ҳозирлигида иккала гувоҳ ҳам эркак, ё бир эркак ва икки аёл бўлиши билан, ийжоб ва қабул асосида дуруст бўлади. Чунки, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) “Гувоҳларсиз никоҳ, никоҳ эмас” деганлар.

Шунингдек, эр-хотин тайинли бўлиши, эр гувоҳлар билан сир тутишни келишиб олмаслиги керак. Бугунги кунда турли касалликларнинг олдини олиш учун ва оила, фарзандлар соғломлигини таъминлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтган бўлишлари, эр ё хотин хавфли касалга чалинган бўлмаслиги ҳам расмий никоҳнинг шартларига киритилди.

Никоҳ маданият ва аслзодалик белгисидир. Никоҳ туфайли кишилар ўз насл насабини поклигини сақлайди, обрўларини сақлаб мартаба топадилар. Никоҳ туфайли оила қурилади, оила эса жамиятнинг бош бўлагидир. 1998-йил 1-сентябрдан амалга кирган 8 бўлим, 30 боб, 238 моддадан иборат бўлган «Оила кодексининг 43 (13-56) моддаси «Никоҳ» масаласига ажратилгани ҳам Никоҳга қонунчилигимизда катта эътибор қаратилганини билдиради.

Никоҳ, оила масалалари ҳақида Бош Қомусимизнинг 63-76-моддаларида шундай дейилган: “Оила, жамиятнинг асосий бўғинидир, ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”.

Конституциямизнинг 63-моддасида “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади” дейилган. Оила кодексининг; 14-моддасида: «Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш таъқиқланади дейилган.

Шундай экан, айтиш лозимки, баъзи бировларнинг тиббий кўрикдан ўтмасдан, ФҲДЁ ходимларига мурожаат қилмай, расмий никоҳдан ўтмасдан туриб, масъулиятни ҳис қилмасдан баъзи бир чаласавод кимсаларга никоҳ ўқиттириши ачинарли ҳол бўлиб, бу нарса нафақат ўзининг зарарига, балки, жамиятимизнинг зарарланишига сабаб бўладиган иллатдир.

Норасмий никоҳдан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги давлат қонунлари бўйича кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб, хусусан оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқидан маҳрум қилибгина қолмай, балки, оилада ўз ҳақ-хуқуқларини билмаслиги, ҳаттоки муомала маданиятини, фарзанд олдидаги маъсулиятини билишдан ҳам маҳрум қилади.

Жорий йилнинг 15-июнь куни юртбошимиз Ш.Мирзиёев Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби” мавзусидаги анжуманда бу масалага алоҳида тўҳталиб: — “Шу ўринда яна бир нозик масала бўйича алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Баъзан ҳаётда “ЗАГС”, яъни, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, учраб турибди”- дея куйиниб гапирдилар.

Шунингдек президентимиз ҳаётимизда авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини айтиб ўтдилар.

Оилаларимиз мустаҳкам, турмушимиз фаровон бўлиши учун, албатта, ҳар биримиз масъул эканимизни эсдан чиқармайлик.

Ф.Отажонова

Урганч шаҳар етакчи отинойиси

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *