НАФСНИ ЖИЛОВЛАГАН КУЧЛИДИР

Одам боласининг энг зўр ва кучли душмани –ўз нафсидир. Инсон тирик экан, нафси билан курашда мағлуб бўлмаслиги керак. Нафс шундай ғанимки, манманлик ва қайсарлик унинг шиоридир. Кибру ҳаво унинг ҳамрохидир.

Аллоҳ таоло Қаҳф сурасида: ”Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг Юзини–розилигини истаб, у Зотга дуо-илтижо киладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб, ўзга аҳли дунёларга боқмасин. Ва Биз томонимиздан қалби Бизни зикр этишдан ғофил этиб қўйилган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!”, деб марҳамат қилади. Нафс туфайли одам боласи кайфу сафони, завқни, ҳузур-халоватни, сайру томошани яхши кўради. Бу нафс вужудни, инсоннинг моддий борлиғини, манфаатларини таъминлашга ҳаракат килади.Зеро, унинг вазифаси шундан иборат. Афсуски, мана шу нафс туфайли бу фоний дунёдаги биринчи қотиллик содир этилди. Одам алайҳиссаломнинг катта ўғли Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирди.

Нафс” сўзининг асосий маъноси кишининг жисмоний ёки ҳиссий талабларини, хожатларини қондиришга бўлган кучли интилишидир. Шунинг учун инсонлар мана шу ҳиссиётларга ва нафсга карши курашмоғи лозим бўлади. Хозирги кунда нафс балосига учраб, ҳар-хил бўлар-бўлмас орзу ҳаваслар ортида ҳам мана шу нафснинг кучли интилиши ётади. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг: “Сенинг энг хавфли душманинг- шу икки елканг орасидаги нафсингдир”, деб марҳамат қилган шарафли ҳадислари бор. Юсуф Ҳос Хожибнинг “Қутадғу-билиг” асарида: “Бу дунёдаги энг йирик ёв, билгинки эй кўнгул, ўз нафсингдир”. -“Унинг тузоғи доимо ёйиқ. Нафсдан жон учун етишадиган нарса машаққат. Нафси бузуқнинг даъвосини ўлимдан бошқа хеч нарса топа олмайди. Шу нафс гоҳ югуртиради, гоҳ елдиради, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатади. Кўзни суқ қиладиган ҳам шу нафс. У туфайли киши гоҳ тўқ, гоҳ оч бўлади. Бир орзуни топса, бошқаси қолади. Нафс семирса, охир оқибат эгасини йиқитади. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз нафсини жиловлаб яшаши зарурдир. Нафснинг ҳохишини бажариш ўта мушкул ишдир”, дейилади. Инсонлар мана шу нафснинг ҳохишини деб қанча-қанча гуноҳларга қўл урмоқда. Инсоният мана шу нафсни қондириш йўлида одам савдосига, аёлларни хўрлашга, ёш-ёш норасида гўдакларнинг бевақт ўлимига, неча-неча инсонларнинг дарбадар юришига, қанчалаб болаларнинг тирик етим бўлишига сабаб бўладиган мудхиш жиноятларга қўл урмоқда. Мана шу бадкирдор нафси йўлида қанчалаб инсонлар охиратини бой бериб қўймокда. Шунинг учун инсон нафсини жиловлаб юришга буюрилгандир.

Бир учқундан пайдо бўлган ёнғиннинг фалокату-фожиалари аён. Кичкинагина тешикча туфайли катта кема ғарқ бўлиши мумкин. Йўғон қозиқ учи ҳам, игна учи ҳам кўзни кўр қилгани каби, кичик гуноҳлар ҳам кишида йиғилиб қоладиган бўлса уни ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Чунки нафсдан туғилган гуноҳлар иймонни хароб қилади. Мана шу жиҳатдан нафснинг душманлиги бошқа душманларга қараганда қўрқинчли ҳисобланади. Расулуллох(с.а.в.) бежизга: “Ким нафсини таниса- Роббисини танийди”, деб марҳамат қилмаганлар. Зеро, Суфий Аллоҳёр айтганларидек:

Агар нафсинг муродин изламаксан,

Агар саксонга етсанг ҳам, чу саксан.

Яъни, агар сен нафсинг тилаклари йўлида ҳориб елиб юрар экансан, билгилки, ёшинг саксонда бўлса ҳам ўзингни ит (сак) дейишдан бошқага ярамайсан, деган байтлари нафс орқасида гуноҳ қилаётганларга қарата айтилган бўлса ажаб эмас.

У.Шерметов.

Ҳазрати Довуд масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *