ИСЛОМ МУТААССИБЛИКНИ ҚОРАЛАЙДИ

Мутаассиблик – ўз фикр-мулоҳаза  ва дунё қараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир.

Мутаассибликка йўлиққан шахс ёки гуруҳлар жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар. У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида ҳурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади. Зеро, мазкур иллатлар ҳар бир дин ва миллат келажагига тўсқинлик қилиш ва беқарорликни келтириб чиқариш учун етарли хавф-хатарга сабаб бўла олади.

Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Демак, бир фикрда қаттиқ туриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шариат ман қилган ишдир.

Баъзи мусулмонлар ислом ҳукмларини тушунишда мутаассибона қарашларни ёқлаб, диний қарашларни тушуниш ва уларга амал қилишда ихтилоф чиқариб, ўз фикрини диндаги энг тўғри ҳамда асл исломий кўриниш санаб, ўзгаларга нисбатан кескин муносабатда бўлмоқдалар. Аслида, ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Албатта, дин енгилликдир.  Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади. Бас, тўғри бўлинглар, яқин бўлинглар…». Шунингдек, Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда: «Динда чуқур кетадиган (мутанаттиъийн) лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганларлар ҳалок бўлди», – дейилади. (Имом Муслим ривояти).

Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом Муоз розияллоҳу анҳу ва унингшеригини Яманга жўната туриб: «Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг», – деган эканлар. (Имом Бухорий ривояти).

Албатта, мутаассиблик динни нотўғри тушунишдан пайдо бўладиган сифатдир. Кишининг бир фикрда туриб олиши ёки мутаассибона фикр юритиши ҳавойи-нафсга эргашиш ҳисобланади. Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан марҳум Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўз асарларидан бирида мутаассиблик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: «Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату, ҳавойи-нафсидан келиб чиқадиган, ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайдиган янгича “ислом” туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман».

Шубҳасиз, динни ўзининг дунёқараши доирасида маҳкам тутиш, ундаги вожиб амалларни адо қилишда уларга эргашмаган кишиларни ёмон кўриш, улар билан низо чиқариш, тарқоқлик ва фитнага сабабчи бўлиш айни мутаасибликнинг ёрқин кўринишидир.

Ислом динимизнинг мужтаҳид уламолари Қуръон ва Суннат асосида қилган ижтиҳодларининг натижасини айтгандан кейин: «Менинг фикрим хатога эҳтимоли бор бўлган тўғри раъйдир (яъни, фикр). Мендан бошқанинг фикри эса, тўғрига эҳтимоли бор бўлган хато раъйдир», – деган сўзлари ривоят қилинган.

Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўринишини, ўз фикрида муросасиз бўлишни қаттиқ қоралаган. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қиладики: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди»(Бақара, 185).

Аллоҳ таоло барчаларимизни диннинг асл моҳиятларини тушуниб етишимизга муваффақ айласин!

 

  М.Муҳаммадзариф ўғли

Урганч тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.