ГЛОБАЛЛАШУВ ШАРОИТИДА ДИНИМИЗНИНГ ЎРНИ

Бугунги  кунда  кишилик  жамияти  ривожига  кучли  таъсир  кўрсатаётган, унга  ўзига хослик  бахш  этаётган  ижтимоий  омиллар  қаторида  диний  омилнинг  ҳам алоҳида ўрни бор. Диннинг  яратувчанлик ва  бунёдкорлик, уюштирувчилик  ва  йўналтирувчилик  салоҳиятидан  фойдаланилганда  у  ҳамиша  жамият  ривожи, инсон  камолотига  хизмат қилган. Айни  пайтда, инсониятнинг кўп асрлик тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, ундаги ғояларни вайронкорлик руҳида талқин этиш одамлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади.

            Глобаллашув шароитида эса у янгича шаклу шамойил ва кенг миқёс касб этиб, жамиятдаги барқарорлик ва тараққиётга таҳдид солмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз   таъкидлаганларидек, бундай  таҳдидларни “….. илмий-амалий  жиҳатдан  атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини, кимга ва нимага қарши қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг  моҳиятини  очиб  бериш, фуқароларимиз  қалбида  миллий  тафаккур  ва  соғлом дунёқараш  асосларини  мустаҳкамлаш  алоҳида  аҳамият  касб  этади”.

Диний  мутаассиблик ҳамда ғарбона турмуш  тарзини демократия пардози ила экспорт қилишга бўлган уринишларга қарши кураш долзарб сиёсий, маънавий-маърифий, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласи эканини англаб етиш бугунги куннинг стратегик вазифасига айланмоқда.

Ҳар қандай таҳдидга нисбатан жамоатчиликнинг ҳозиржавоб сафарбарлиги жиддий омиллардан ҳисобланади. Бу  ўринда муаммога илмий ёндашувдан келадиган самаранинг ўрни ўзгача экани маълум. Зеро, турли фан вакилларининг бошини қовуштирган комплекс ёндашувгина диний экстремизм ҳамда “вестернизация”, яъни “ғарблаштириш” сиёсати  мураккаб ва энг ёмони-салбий сафарбарбарликка йўналтириш қобилиятига эга ўта зарарли  ҳодисалар эканини  асослашга имкон беради.

Бугунги кунда дунёда динга бўлган қизиқишнинг ўсиши глобаллашув  жараёнларининг  ўзига  хос  инъикоси  дейиш  мумкин. Зеро, глобаллашув   дунёни бир  бутун  ва яхлит қила бориши билан бир қаторда, унинг ҳосиласи сифатида алоҳида олинган миллат ва  жамиятлар  даражасида  ўз-ўзини  англашга  бўлган  интилишнинг  чуқурлашувига ҳам замин яратмоқда. Бу жараёнлар ўз навбатида маънавиятнинг узвий қисми бўлган диннинг моҳиятини тушуниш, унинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрнини англашга бўлган эътиборнинг кучайишини келтириб чиқармоқда. Шу билан бирга, динга бўлган қизиқиш бугунги  кунда кишилик  жамияти олдида  турган  муаммолар, инсоннинг  уларни  ҳал қилиш  йўллари ҳақидаги ўй  изланишлари, дунёвий  ва  диний  қадриятлар  уйғунлигини  таъминлаган  ҳолда  бугунги  куннинг  оғир  ва  мураккаб  саволларига  тўлақонли  жавоб  топишга интилиши билан  боғлиқ  эканини  ҳам  алоҳида  қайд  этиш  лозим.

Р.Рахимов

Янгиариқ туман “Ҳазрати Ғоиб ота” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *