МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ АБАДИЙ БЎЛСИН

Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий ҳамда диний байрамлари мавжуд. Куни кеча барчамиз қутлуғ байрамлардан бири Қурбон ҳайитини катта хурсандчилик ва шодиёна билан кутиб олдик. Энди эса халқимизнинг мўътабар байрами ҳисобланмиш Мустақиллик кунини кенг тантана қилиш арафасида турибмиз.

“Мустақиллик”, “истиқлол” — бу сўзларнинг моҳиятига теранроқ эътибор берадиган бўлсак, булар оддий сўзлар эмаслиги, минг йиллик давлатчилигига эга Ўзбекистон учун истиқлолнинг нақадар катта аҳамият касб этиши очиқ- ойдин аён бўлади.

  Истиқлол туфайли она-диёримизда турли соҳаларда катта-катта ўзгаришлар бўлди. Шу жамладан мусулмонлари ҳаётида ҳам катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистон мустакилликка эришганидан кейин мамлакатимизда халқимизнинг азалий муқаддас дини — Исломга катта эътибор берила бошлади. Чунки Ислом дини биринчи президентимиз И.Каримов  таъкидлаганларидек:

«…Ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам имон, ҳам аҳлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини унутмайлик. У қуруқ ақидалар йиғиндиси эмас. Ана шу маърифатни кишиларимиз жон-жон деб қабул қиладилар ва яхши ўгитларига амал қиладилар».

Дахрийликка асосланган собиқ иттифоқ тузуми пайтида барча диний ва миллий қадриятларидан узилган халқимиз истиқлолдан кейин имон-эътикод сари юз тутди. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан  узилса, инқирозга учраши табиий бир хол эди. Давлатимиз ана шу нозик туйғуни чуқур хис этиб, мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маъри­фати ва маънавиятини юксалтириш, имон-эътиқодли қилишга биринчи даражали аҳамият берди. Биринчи президентимиз И.Каримов  таъкидлаганларидек:

«Дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди. Халқимизнинг минг йиллик тарихини, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатимизни мухтасар ифодалаб айтиш мумкинки, Аллох бизнинг қалбимизда, юрагимизда», деб таъриф берилди.

Истиклол туфайли мамлакатда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди.  Ҳар бир нарсанинг аҳамияти қиёслаш ва солиштириш билан кўзга яққол ташланади. Истиқлолгача қай ҳолатда эдигу, ҳозир нималарга эришдик, собиқ иттифоқ даврида яшаганда ким эдигу, ҳозир қай мақомда турибмиз, мана шуларни бир-бирига таққослаш орқали истиқлолимизнинг чин, асл моҳиятини англаб етамиз. Бу нарса айниқса, мустақилликка эришганимиздан кейин миллий ва диний қадриятларимизни халқимизга қайтариш соҳасидаги салмоқли ишлар орқали янада равшанроқ намоён бўлади.

Истиқлолдан олдин юртимиздаги масжидларнинг аҳволи ўта аянчли эди. Бутун республикада бор-йўғи тўқсонга яқин масжид бўлиб, уларнинг кўпи таъмирталаб, нураб-бузила бошлаган, таҳоратхонаси йўқ ҳисобида эди. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 2000 дан зиёд масжид мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти янгидан қурилди ва тўла таъмирдан чиқарилди. Вилоятимизнинг марказида маҳобатли “Оҳун бобо” масжиди ҳам қуриб битказилди. Буларнинг ҳаммаси мустақилликнинг кўзга кўринган самараларидир.

Шунингдек, “Ҳаж” ва “Умра” масаласини олиб кўрайлик. Мустақилликдан олдинги даврларда Ўзбекистонимиздан йилига атиги икки-уч, баъзи йиллари эса тўрт-беш киши “Ҳаж” амалини бажарган. Бирор киши алоҳида “Умра” қилиш мақсадида сафарга бора олмасди.

Фақат истиқлолгина юртимиз мусулмонларига “Ҳаж” ва “Умра” қилиш имкониятларини кафолатлаб берди. Ҳар йили етти мингдан ортиқ фуқароларимиз ҳаж ибодатини адо этиш шарафига муяссар бўлмоқдалар.

Жаҳон Ислом тамаддунига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланиб, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси истиқлолимиз берган неъматлардир.

Биз бугун мақоламизда тилга олган маълумот ва далиллар устида бироз тафаккур юритайлик, мана шундай катта имкониятларни очиб берган истиқлолимизнинг қадрига етиб, уни кўпроқ ардоқлайлик. Биз яратилган мана шундай диний эркинликлар ва қулайликлар Аллоҳ таолонинг жуда катта илоҳий неъмати эканини қалбимиздан англаб етайлик. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз лозим. Чунки Аллоҳ таола ўз каломида:

“…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.

 Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб шундай деганлар:

яъни: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар. Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинч ва осойишталигидир.

Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар, уруш ва қон тўкишлар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни турли офат-балолардан Ўз ҳимоясида сақлаб тургани учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтишимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимдир.

Албатта, юртимизда бўлаётган бу юксалиш ва тараққиётимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва ҳотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак.

Мана шундай саодатли кунда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик, ҳамжиҳатликда ўтказишликни ва мустақиллигимиз абадий бўлишини сўраймиз.

 

О.Рўзметов

Боғот туман “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *