САФАР ОЙИ

Ҳар йили сафар ойи келиши билан одамлар орасида турли шумланишлар, асоси йўқ ҳар хил ирим- сиримлар кўпайиб кетади. Гўёки сафар ойида никоҳ тўйи ёки унаштирувни қилиб бўлмас эмиш, агар шундай қилинса, келин –куёв бахтсиз бўлармиш ёхуд  уларнинг бошига кутилмаган бало келармиш. Ёки ушбу ойда сафар қилиб бўлмас  эмиш, агар шундай қилинса, сафар қилувчи албатта қандайдир фалокатга учрар эмиш. Баъзи жойларда сафар ойи билан боғлиқ бундан бошқа ирим-сиримлар ҳам бор. Лекин кўп марта қайта-қайта таъкидлаганимиздек бу гап – сўзлар, иримларда ҳеч қандай асос йўқ. Ушбу ойнинг сафарга ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки ой номи сафар эмас, “Софар”дир, яъни сод ҳарфи билан ёзилади.Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизга, Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу эса Фотима онамизга тўй қилиб, уйланганлар.
Аслида маълум бир ойни фазилатли ё хосиятсиз, дейиш учун динимизнинг мўътабар саналган манбаларидан далил керак бўлади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда Сафар ойининг хосиятсиз экани тўғрисида маълумот учрамайди. Демак, ҳеч бир далилсиз Сафар ойидан шумлана олмаймиз. Ҳар бир кун Аллоҳ таолонинг кунидир. Унда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдир қилинган бўлиши мумкин. Банда ибодат, савоб ишлар билан банд бўлган кун ва ойлар фазилатли, гуноҳ ва разил ишлар билан шуғулланган кунлар унинг учун хосиятсиз вақтлардир. Дарҳақиқат, жоҳилиятда одамлар Сафар ойидан шумланишарди. Бу ойда сафарга чиқишмас ва никоҳ ҳам қилишмасди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ойдан шумланишдан қайтариб, шундай дедилар:

” لَا عَدْوَى وَلَا صَفَرَ وَلَا غُولَ” (رواه الامام مسلم عن جابر رضي الله عنه)

яъни: “Касалликнинг юқиши йўқ, Сафар(дан шумланиш) йўқ ва жинларнинг адаштириши йўқ”( Имом Муслим ривояти). Жоҳилиятда касаллик юқиши ҳақида ҳар хил хурофотлар бўлган. Ислом дини эса уни рад қилиб, касаллик Аллоҳ таоло хоҳласагина юқади, деган ақидани мустаҳкамлади. Лекин динимиз бу билан касалликдан эҳтиёт чораларини кўришдан қайтармайди. “Ғул” – жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни “Турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб, турли балоларга учратади”, – деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғри эътиқодни ҳам рад этди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, халқимиз ичида баъзида бидъат-хурофот ва ирим-сиримларга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг ҳам фикрини чалғитиб, соф ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди.

Э.Қутлиев

Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *