ЭНГ ТОЗА ЙЎЛДАН ЧАЛҒИМАЙЛИК

Аллоҳ таоло инсонни ерда умргузаронлик қилишга буюрганидан сўнг, уни тўғри йўлни топиб олиши учун пайғамбарлар ва улар орқали ўзининг илоҳий амрларини китобларида баён қилди. Ана шундай амрларидан бири Қуръони каримда «Оли Имрон» сурасида: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва тафриқага тушманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз», дейди (103-оят). Бу ояти каримадаги арқондан мурод, унинг тўғри йўлидир.Аллоҳнинг тўғри йўлида юрсангиз албатта ҳидоят топасиз дейилмоқда.

Аммо ҳозирги кунда мана шу тўғри йўлдан одамларни адаштиришга, ёлғон хабарлар ва бузғунчи ғояларни тарғиб этиш орқали ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган ҳаракатлар кўпайиб бормоқда. Ахборот асри бўлган бугунги замонда глобал тармоқ орқали олаётган ахборот ёки маълумотларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини, онги ва тафаккури тўлиқ шаклланмаган айрим ёшларимиз тушуниб етмасдан ғараз мақсадли кишиларга эргашиб кетяптилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай деган: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин)қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят). Ҳадиси шарифда шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дедилар. Муслим ривояти.

Бундай хабарларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини билиш ва англаб етиш учун етарли илмга эга бўлиш лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Динни маъруфдан ўрганинг”, деган ҳадисларига мувофиқ юртимиздаги кўзга кўринган ва тўғри йўлдаги билимли уламолардан ўрганмоқ лозимдир. Муоз ибн Жабал (р.а) илм ўрганиш ва ўргатиш ҳақида айтадилар: «Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб қилиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир. Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи далил, хурсандлигу хафалик пайтида кўмакчи, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст ва жаннат йўлининг минорасидир. Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди. Улар одамларни яхшиликка етаклайди, бошқалар уларнинг изидан юради, қилган ишлари эътиборли бўлади. Ҳар бир қуруқ ва ҳўл нарсалар, ҳаттоки денгиздаги балиқлару ҳашаротлар, ёввойи ва барча ҳайвонлар, осмон ва ундаги юлдузлар уларнинг ҳаққига истиғфор айтади».

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

Бу маълумотлардан шуларни хулоса қилишимиз мумкинки, бизга келаётган дин ҳақидаги ҳамма маълумотлар ҳам тўғри бўлавермаслиги мумкин.

Минг йилдан зиёдроқ вақт ичида ўзининг тасдиғини топиб ўзгармасдан келаётган, ота боболаримиз оғишмай амал қилиб ва эътиқод қилиб келаётган аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафий мазҳабини маҳкам ушласак ва ёшларимизга бу мўътадил мазҳабнинг афзалликларини тушунтириб борсак, албатта, ёшларимиз бузуқ ғояларга асосланган нотўғри йўлларга кириб кетмайдилар.

Юртимизнинг тинчлиги ва динимиз равнақи, бизнинг энг тўғри ва тоза йўлдан боришимизга боғлиқдир. Шундай экан Аллоҳ таолонинг розилиги ва икки дунёмиз ободлиги учун мустақим йўлдан чалғимайлик азизлар!

М.Матниязов.

Боғот тумани “Одина эшон бобо”масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.