ОИЛАЛАРИМИЗ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН

Никоҳ — Аллоҳнинг амри, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг суннати, эр-хотиннинг розилиги асосида боғланадиган илоҳий аҳдномадир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Улар (хотинларингиз) сизлар учун либосдир, сизлар улар учун либосдирсиз”. Яъни, инсон либосга муҳтож бўлгани каби эр хотин бирбирига муҳтождир. Шариатимиз оила қуришдан олдин келин- куёв бир бирларини яхшилаб суриштириб, кейин оила қуриш лозимлигини буюради.

Оиланинг мустаҳкамлигини сақлашда эр ва хотин ўз мажбуриятларига амал қилиши, айниқса эрнинг оила бошлиғи сифатида ўз мажбуриятларини ҳис қилиб, оиласининг асосий таъминотини ўз зиммасига олиши, аёл ўз ўрнида эрига ёрдам бериб, эрининг топганига қаноат қилиши, эрининг топганини оилада тўғри тақсим қилиб, тоқатидан ташқари нарсаларни топишга эрини мажбурламаслиги лозим. Халқимизда “Тўйдан олдин иккала кўзингни катта оч, тўйдан кейин бир кўзингни юм” деган мақол бор. Яъни, инсон беайб, бехато бўлмайди. Эр хотин-бир-биридан содир бўладиган камчиликларни кечиришни, бир-бирининг айбидан кўз юмишни ўрганиш керак. Шунингдек, эркак аёлини ўзи учун пардозланишини ёқтирганидек, эркак ҳам ўз ўрнида аёли учун пардозланиши керак. Эр-хотин орасида жанжал, келишмовчилик чиқиб қолса, ҳар икки тараф айбни ўзидан ахтариши мақсадга мувофиқ. Агар бу мажбуриятларга амал қилинмаса, оила мустаҳкамлигига путур етиши мумкин. Оиланинг бузилиши Аллоҳ ёқтирмайдиган амалдир. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладиларки: “Рухсат этилган нарсалар ичида Аллоҳнинг ғазабини келтирадигани талоқдир”. Оилада ота-онанинг ҳурматини сақлаш керак, лекин ота-онанинг гапига кириб аёлини талоқ қилиш керак дегани эмас. Шариатимизда талоқ қилиш ихтиёри эркакка берилиши бежиз эмас. Чунки, эркак аёлга нисбатан сабрли, оғир вазмин бўлади.

Ҳозирги кунда оилавий жанжаллар билан мурожаат қилаётган келин куёвлар арзимас нарсалар устида жанжаллашиб қолаётганига гувоҳ бўламиз. Баъзан куёв томонидан келинга, келин томонидан куёвга асоссиз айблар қўйилади ва бу айбловлар ҳақиқатда тўғрими, ёки нотўғрими, суриштириб кўрилмайди. Ҳолбуки бу айбловларда асос, исбот йўқ, исбот бўлган тақдирда ҳам арзимаган айб оилаларнинг бузилишига асос бўлмайди. Оила бузилса фарзандлар тирик етим қолиб, айни ота ёки онанинг меҳри керак пайтда меҳрсиз, эътиборсиз қолишади, тарбия бузилади. Ўсимлик ўз вақтида қуёш нуридан баҳра олмаса, ривожланиши яхши бўлмаганидек, фарзандга ўз вақтида берилмаган меҳрнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Мутахассислар аниқлашича, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар кўпинча ота-она тарбиясини тўлиқ олмаган, меҳрга ташна бўлиб ўсган болалар орасида кузатилади. Оилани шаръий никоҳсиз бошлаш мумкин эмас. Шаръий никоҳ фақат расмий рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётган масжид имом хатиблари ва имом ноиблари томонидан ФҲДЁ органи томонидан расмий никоҳдан ўтганидан кейин ўқилади. Шунинг учун келин куёв тўй кунигача никоҳларини расмийлаштиришлари керак.

Ҳар бир никоҳ жамият учун қувончли ҳолатдир. Шу қувончли ҳолатни сақланиб қолишига барча бирдек масъулдир. Оила қуришдан олдин келин куёв ҳар томонлама, соғлиқ жиҳатидан ҳам, оилавий таъминот жиҳатдан, бир бирини ҳурмат қилишга, тушуниб яшашга тайёр бўлиши лозим. Қайнона тарафидан келинга берилган кўрсатмаларни келин тўғри қабул қилиши, ҳаётнинг аччиқ чучугига сабр қилиши лозим. Куёв тирикчилик учун иложи борича оиласига яқин бўлган жойда ҳаракат қилиши лозим. Олис жойлардан иш қидириш узоқ муддатга оиласидан алоҳида яшашга олиб боради ва баъзан кўнгилсиз ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Хорижга чиқиб ишлашга қаршилик йўқ. Лекин бу ҳолат келиннинг ҳуқуқлари поймол қилиниб, келин куёв ўртасида низолар келиб чиқишига сабаб бўлмасин.

Муҳтарам президентимизнинг “Ўзбекистонда биронта оила бузилмаслиги керак” дея куйиниб гапирган сўзлари барчамиз учун дастуриламал бўлиши лозим.

Х. Адамбоев

Янгибозор тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *