ЖИҲОД ТУШУНЧАСИ ЁҲУД ТЕРРОРЧИ ГУРУҲЛАРНИНГ НОТЎҒРИ ТАЛҚИНИ

Ушбу мақоламиз орқали сиз азизларга муқаддас динимизда Жиҳод тушунчаси ҳақида ҳамда террорчи гуруҳлар томонидан нотўғри талқинининг хатарлари тўғрисида оят ва хадислар орқали раддия бериб ўтамиз.

Бугунги кунда “Жиҳод” сўзи адашган тоифалар, гуруҳларнинг махфий қуролларидан бирига айланиб қолган атама ҳисобланади. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:

  1. Талаб жиҳоди – фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки, ҳозирда давлатлар ўртасида тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.
  2. Мудофаа жиҳоди – фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.

Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га Ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан. Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади. Жиҳодга чақираётганларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётганлари жуда ачинарлидир. “Нисо” сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган. Бундай қўпорувчилар инсон қиёфасини йўқотган ваҳшийлардир. Ислом ноҳақ қон тўкишни ҳаром қилган. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кексаларни ўлдириш, шунингдек, уй-жой, иншоотларни вайрон қилиш тақиқланган. Аллоҳ таоло қуръонда «Бирор жонни ўлдирмаган ёки фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир» (Моида, 32) дейилган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб, бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа р.а.ривояти). Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.  Машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айнан низоли ҳудудларни ичида бўлган ва террорчилар хусусида шундай деган эдилар: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!”  Динимизда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар”.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳадиси муборакларида ҳақиқий мусулмонни шундай сифатлаганлар:яъни:“Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир- деганлар. Шунинг учун бундай иллатлардан қутилиш учун, уларнинг олдини олиш учун буюк аждодларимиз қолдирган бой меросимиз дурдоналарини чуқур ўрганишимиз  ва уни ҳаётга татбиқ қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *