ҚИЗИҚҚОНЛАРНИНГ АДАШИШИ

Ушбу мақоламиз орқали сиз азизларга муқаддас динимизда ёт оқимларнинг нотўғри тушунчаларининг хатарлари тўғрисида оят ва хадислар орқали раддия бериб ўтамиз.

Радикализм қайсидир соҳада қатъий, туб, туйқус ўзгаришларни ҳимоя қилиш, ана шунга эришиш мақсадида қизиққонлик билан, кескин ва муросасиз сиёсат олиб бориш деганидир. Радикал кучлар у ёки бу соҳада туб ислоҳотларга кескин, тажовузкорона, кўп ҳолларда куч ишлатиш йўли билан эришишга интилади.

Ҳаётдаги ҳар қандай ҳолатларда бўлгани каби, Исломнинг ушбу муаммога муносабатининг мезони ҳам Қуръони карим кўрсатмалари ҳисобланади. Қизиққонлик ҳар қандай кўринишда Аллоҳ таоло мусулмонларга Қуръони карим орқали амр этган тафаккур тарзи ва ҳаётнинг ахлоқий қонунларига мувофиқ келмайди. Аллоҳ мўминлар эгаллаши лозим бўлган руҳий сифатларни кўрсатар экан, кишиларни юмшоқ қалбли, эзгуликка, ҳар қандай можаро ва ихтилофли вазиятлардан холи, ҳатто ўзига душманчилик кайфиятида турганларга ҳам яхши муносабатда бўлишга буюради.

Пайғамбарлар Мусога (а.с.) ва Ҳорунга (а.с.) Аллоҳ таолонинг амри ана шундай вазиятларда чин мусулмонларга ўзини қандай тутишда тўғри йўлни кўрсатганига мисол бўлади: «Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки (у «Мен худоман», деб) ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса» (Тоҳа, 43-44).

Фиръавн буюк Парвардигорнинг иродасини инкор этиб, ўзини худонинг ердаги тимсоли деб эълон қилган энг бешафқат ҳукмдорлардан бири эди. Фиръавннинг мустабид ҳукмронлиги диндорларни (Бани Исроилни) шафқатсиз жабр-ситам ва зулмга гирифтор қилди. Бироқ Аллоҳ ана шундай душманлик вазиятида ҳам Фиръавнга панд-насиҳат қилиш учун юборилган пайғамбарларига «унга юмшоқ сўзланглар», деб буюради. Улуғ Парвардигор тинч муносабатлар ўрнатиш, чиройли панд-насиҳатлар олиб боришни, ихтилоф, кескин фикр айтиш ва ғазабнок шиорлар, норозиликнинг тажовузкор кўринишларидан тийилишни амр этади.

Қуръони карим мусулмонларга хулқ-атворнинг ҳамда, агар одамларнинг қалблари хусумат ва нафрат билан тўлиб-тошган бўлса ҳамки, улар билан муомала қилишнинг Худога хуш келадиган томонларини кўрсатувчи кўплаб мисоллар келтиради. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) хулқларини таърифловчи ояти карималардан бирида шундай деб марҳамат этилади: «(Эй Муҳаммад) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар» (Оли Имрон, 159).

Муросасиз, кескин йўл тутиш, қизиққонлик қилиш радикализмнинг алоҳида хусусиятларидандир. Мусулмонларнинг руҳий сифатларини баён этаркан, Аллоҳ таоло марҳамат этади: «(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон, 134).

Аслини олганда, мусулмон киши ҳар қандай ҳаётий синов ва воқеа бўлмасин, ғазабини ёки бадхоҳлигини намойиш қила олмайди. Зеро, ҳақиқий мусулмоннинг ягона мақсади ўзининг чиройли ибрати билан бошқа одамларни иймонга ва илоҳий амр-фармонларга бўйсунишга чорлашдир. Бироқ одамларни иймонли қилишга, Парвардигор уларни ҳидоятга йўллаб қўйгандагина, имкон бўлади. Биз нималар қилмайлик, одамларга қандоқ ҳақиқатларни тушунтирмайлик, уларнинг қалблари фақат Аллоҳ таолонинг измидадир.

Мусулмонлар Исломнинг асл қоидаларини босим ёки зўрлик қилмасдан тушунтиришлари лозим. Улар Аллоҳ таоло олдида шунга масъулдирлар. Мусулмонлар, ҳатто энг бешафқат худосизларга нисбатан ҳам, чиройли панд-насиҳатлар ва яхши муомала қилишлари керак. Шундай экан, ҳар қандай радикализм, яъни кескин чоралар кўриш тўғрисида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас. Барча мусулмонлар Қуръони каримнинг руҳияти ва моҳиятига зид келадиган ҳар қандай кўринишдаги шафқатсизлик, ғазаб туйғулари ва ихтилофли муносабатлардан мутлақо қочишлари, ҳар қандай вазиятда ҳам Аллоҳ таоло белгилаб қўйган эзгулик, сулҳпарварлик ва мулоҳазакорлик йўлидан боришлари учун Парвардигорлари ҳузурида масъулдирлар.

Мусулмонларнинг маънавий етуклиги, диний бағрикенглиги, тинчликсеварлиги ва камтарлиги бутун инсониятга намуна бўлиши ва Исломнинг ахлоқий кўрсатмалари одамлар қалбида ҳайратланиш туйғулари уйғотиши даркор. Мусулмонлар фақатгина ахлоқий йўналиш бўйича ибрат бўлиб қолмасдан, ҳаётнинг барча жабҳаларида, фан ва маданиятда, санъат ва нафосатда, ижтимоий қурилишда ҳам улуғ Парвардигор томонидан нозил қилинган диний таълимотнинг муносиб вакиллари сифатида намуна кўрсатишлари керак. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг бошқа кишилар билан муносабати қандай бўлиши кераклиги ҳақида мўминларга очиқ хабар бериб қўйган: «(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли – динига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг.

 

 П.Бобожонов

Шовот тумани “Қори эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *