ҲОТИРЖАМЛИК УЛУҒ НЕЪМАТ

Дарҳақиқат  Аллоҳ таолонинг бизларга берган неъматлари беқиёс. Шундай улуғ неъматлардан бири  бўлмиш тинчлик ҳақида мулоҳаза қилсак, шоятки, унинг нақадар улуғ неъматлиги янада намоён бўлиб, бу ҳолатга шукримиз зиёда бўлса.

 Чунки аксар инсон табиати неъматлар ичида яшаб туриб унинг қадрига етмасликка моил бўлади. Зеро бу хусусда севикли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Инсонларнинг кўпчилиги бепарволик ила уларнинг қадрига етмайдиган икки неъмат бор, улар: соғлик ва хотиржамликдир” Албатта соғлик ва тинчлик бўлса, хотиржамлик бўлади. Кундалик юмушларимиз ва режалаштирган ишларимизни босқичма-босқич амалга ошириш пайида бўламиз. Буларнинг барчаси учун эса кўпинча бепарво бўладиганимиз тинчлик ва соғлик керак бўлар экан.

Тинчликнинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир.  Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссалом нинг Макка ҳаққига қилган дуоларида бунинг тасдиғини кўрамиз.  У оятда Маккага тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. Бу ҳақда шундай дейилади:

“Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара;126)

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар истиқлолнинг ўтган қарийб йигирма уч йилига назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиё¬налар бир-бирига уланиб кетмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.

     Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

   Мустақиллик шароитида этник мунособатлар ва дин соҳасида олиб борилаётган изчил ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик қарор топди. Конституциямизда «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деган тамойилнинг мустаҳкамлаб қўйилиши эса, бу борадаги ишларнинг қонуний асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Б.Сирожов

Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *