БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИ ХОТИРЛАБ

Ватанимиз истиқлол неъматига эришгач, диний ва миллий қадриятлар, расм-русум ва урф-одатлар халқимизнинг кунлик ҳаётидан яна қайтадан жой олди. Шулардан бири вафот этганларни хотирлаш ва уларнинг яхши амалларини тилга олиш ва келажак авлодга ўрнак қилиш ҳисобланади. Бу масалада муқаддас динимиз томонидан талайгина кўрсатмалар мавжуд бўлиб, ҳатто бу каби амаллар тоат-ибодат қаторига кўтарилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:“Ўтганларингизни яхши (амаллари)ни эсланглар”. Албатта, бу ҳадис шарифнинг мазмунидан вафот этганларнинг ҳар қандай яхшиликларини эслаб ўтишимиз зарур экани маълум бўлмоқда.

Ўзбекистон халқи ҳурриятга чиқишига, ҳар томонлама тараққий этишига сабабчи бўлиб, мангулик диёрига юз тутган Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ёди ҳамон қалбларимизни ларзага солади. Булар ҳаммаси марҳум Юртбошимизга бўлган самимий муҳаббатимиздандир.       

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ, буюк алломаларимиз, муҳаддису, фақиҳ уламоларимиз илмий меросларини тадқиқ этиш, ёш авлодни аждодларимизнинг бой маънавий билимлари асосида тарбиялашга юртбошимиз раҳнамолигида алоҳида эътибор қаратилди. “Маънавияти юксак халқни енгиб бўлмайди”, дея айтган сўзлари долзарблиги бугун янада равшан бўлмоқда. Ўтганларнинг яшаган ҳаётлари ва халқ учун қилган хизматларини бебаҳо тарзда қадрлаш ва келажак авлод учун чиройли намуна қилиш зарур ҳисобланади. Барча билим юртлари қатори Хоразм вилоятидаги Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юртида ҳам талабалар ва устозларга хотира дарси ташкил қилинди. Шунингдек, тадбир сўнгида у кишининг руҳларига бағишлаб тиловати Қуръонлар қилинди. Зеро, ўтганларимизнинг ватан, юрт учун қилган меҳнатларини ёдга олишимиз энг гўзал ишлардан ҳисобланади. Биз келажак авлод уларнинг заҳматлари эвазига эришилган тинч-осойишта юрт ва серунум заминни қадрлашимиз даркордир.

Аллоҳ таоло Юртбошимиз бўлган, Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовни Ўз раҳматига олсин. Омин!

Собиров Маҳмуджон.

Имом Фахриддин ар Розий ИУМБЮ мударриси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *