БИР ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ ЎН МАЪРИФАТ

Динимизда ўз юртига қарши қурол кўтарган, мусулмонлар жамиятига қарши уруш эълон қилган, давлат раҳбарларига қарши бош кўтарган тоифани боғийлар (тажовузкорлар) деб номланади. Қуръони каримда уларга қарши курашишга амр қилинган: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинг ва адолатли бўлингиз! Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар”. (Ҳужурот сураси, 9-оят).

Дарҳақиқат, муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг халқпарвар сиёсати ўлароқ, аввалда ана ўшандай бузғунчи оқим ва тоифаларнинг таъсирига тушиб қолган, бугунги кунда адашганлигини тушуниб етиб чин дилдан  пушаймон бўлган фуқароларга нисбатан авф эълон қилинмоқда ва улардан “диний экстремистик оқим аъзоси” деган тамға олиб ташланмоқда. Уларни жамиятда ўз ўринларини топиб, соғлом ҳаётга қайтишларига имкониятлар яратиб берилмоқда. Бироқ, адашганлигини тан олмай, бузғунчи ғоя ва мафкурасидан воз кечмайдиган, экстремистик оқимларни қўллаб қувватлайдиган тоифаларга нисбатан юртбошимиз таъкидлаганларидек: “бир жаҳолатга қарши ўн маърифат” шиори остида кураш давом этаверади.  

Дин илмини билмай туриб Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди. Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.

Раҳматуллаев Зиёвуддин

Боғот тумани Бежганак бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *