ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРНИНГ БАЪЗИ САБАБЛАРИ

Ҳар биримиз оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканлигини англаб етишимиз ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўришимиз вазифамиздир.
Оилавий ҳаёт, эр-хотин ораларидаги муносабатлар ва оила юритиш бўйича маданиятнинг етишмаслиги уларнинг дарз кетишига сабаб бўлади. Ўсиб келаётган ёшларга, бўлғуси келин ва куёвларга турмуш маданиятини ўргатиш энг муҳим омилдир.
Минг афсуслар бўлсинким, кўпчилик келин-куёвлар тўйдан кейин ўз хоналарида ёлғиз қолганларида, улар билан бирга оилавий ҳаёт ҳақидаги олинган асосли таълимотлар эмас, кўча-кўйда эшитган узуқ-юлуқ бўлмағур маслаҳатлар қолади.
Жамиятимизда келин-куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажмда ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур. Бу масалада уламоларимиз ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшишлари керак. Бошқа соҳаларнинг мутахассислари ҳам ўз йўналишлари бўйича керакли ҳаракатни қилишлари, чора-тадбирларни кўришлари лозим. Бу борада таълим ва маслаҳатлар тақдим қилувчи ўқув марказлари кўпайса, яна ҳам яхши бўлади.
Албатта, оила, уни қуриш, уни тутиш, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши кераклиги ва бошқа зарур нарсалар ҳақидаги динимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун, унинг бахт-саодати учун, оиласининг мустаҳкамлиги учун шартдир. Ушбу таълимотлардан бехабарлик эса оилавий нохушликлар ва муаммоларнинг аслидир.
Албатта, ҳар бир нарсани тушуниб етиб, билим асосида оила тебратиб бориш кўп яхшиликларнинг манбаси бўлади. Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда ҳам нозик нарсалар эканлиги ҳаммага маълум. Шунинг учун бу муносабатларга жиддий қараш ва уларни юқори савияда тутишга ҳаракатда бўлишимиз лозим. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликларидан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий тарафларига эътибор бериб, маънавий тарафларини унутиб қўймаслигимиз зарур.
Қадимдан мусулмон халқларда, жумладан, бизнинг халқимизда оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар. Келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар. Ҳар бир ота-она аввало ўз фарзандига насиҳат қилган, қолаверса, кейин келини ёки куёвига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган.
Ҳозир эса бунинг тескарисининг гувоҳи бўлиб турибмиз. «Бир кишининг онаси «Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оққ қиламан», деб туриб олган экан, «Талоқ қилдим», дебди. Худди шунга ўхшаш гаплар ҳар қадамда учрайди. Уларнинг келиб чиқишига баъзи ота-оналарнинг инсофсизлиги, уларнинг шариатни билмасликлари, унга амал қилишни хаёлларига ҳам келтирмасликлари сабаб бўлмоқда. Бундай кимсалар боласи ўз жуфти ҳалоли билан саодатли умр кечираётганини етарли ҳисобламайдилар. Улар бир-бирларига эмас, бизга ёқишлари керак, деган фикрда бўладилар. Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақийқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъий назар, яхши билади, шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.
Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Ота-она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюрса, қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. Агар талоқ тушса, Роҳманнинг Арши ларзага келади, дейилади. Худди шу маънодаги гап қизини мажбурлаб, ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади.
Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари лозим.

Қозоқов М
Янгиариқ тумани Ҳожи бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *