ОГОҲЛИКЛИККА ЭЪТИБОР-КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОРДИР

Истиқлол неъмати туфайли диёримиздаги мўмин-мусулмонлар барча диний ибодатларини тўла-тўкис адо этаётганлари улкан бахт ва олий саодатдир. Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг маънавияти ва диний қадриятлари тикланди. Эндиликда бизнинг вазифамиз мустақиллигимизни кўз қорачиғидай асраш, Ватанга садоқат сингари тушунчаларни халқимиз, айниқса, юртимиз келажаги бўлган ёшларимиз онгига сингдиришдан иборат.

Афсуски бугунги кунда айрим мамлакатлардаги нотинчликлар оқибатида бегуноҳ одамлар азият чекмоқда. Муқаддас динимизда ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган инсоннинг ҳаётига зомин бўлиш улкан гуноҳ ва бузғунчиликнинг вахший кўриниши ҳисобланади. Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи  васаллам ҳадисларидан бирида: “Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди.Улар тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, дейилади. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки юртимиз тинч, турмуш тарзимиз фаровон. Лекин юртимиздаги тинчлик ва фаровонликни тушуниб етмаган, ношукрлик қилаётган фуқароларимиз борлиги ва улар ёшларимиз орасида  пайдо бўлаётганлиги барчамизни ҳушёрликка ундайди. Бу ҳолатлар пайдо бўлишида мамлакатимиздаги тинчликни кўролмаётган баъзи давлатлардаги қора кучлар, юртимиздан ношукрлик қилиб, душманга айланиб чет элларда қочиб юрган ватангадолар турганлиги аниқ. Улар фуқароларимиз, айниқса диний тушунчалари шаклланиб улгурмаган, ҳаётий тажрибалари мукаммал шаклланмаган ёшларимизни ўзларининг пуч ғояларига эргаштиришда муқаддас бўлган Ислом динимизни ниқоб қилиб олмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом дини доимо фақат эзгуликни тарғиб қилади.

         Юртимизда ёшлар тарбиясига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уларнинг баркамол вояга етишлари, илм олишлари, энг охирги илм-фан ютуқларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Биз уларнинг пуч ғояларга алданиб қолмасликлари учун нималар қилмоғимиз керак? Бунинг учун барча ўқув масканларига кириб бориб, ёшлар билан жонли, очиқ мулоқотлар ташкил қилишимиз лозим. Мулоқотларга очлик, қийинчилик даврларини бошидан кечирган қарияларимизни таклиф қилиш, улар ҳаётий тажрибаларини ёшларимизга сўзлаб беришлари, юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлмагани, бу неъматларнинг қадрига етиш тўғрисида тавсияларини беришлари, имом хатибларимиз Ислом динининг эзгулик дини эканлигини, исломда ҳар қандай кўринишдаги зўровонликлар қораланишини ва уларнинг мудҳиш оқибатлари, диний экстремистик оқимларнинг пуч ғоялари ортида қандай мақсадлар яширинганлиги тўғрисида ҳаётий мисоллар билан тушинтириш ва тавсиялар беришлари лозим. Мулоқотларга фарзандларнинг ота-оналарини хам жалб қилиш, уларга фарзанд тарбияси тўғрисида, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари, фарзандларнинг ота-оналар олдидаги бурчлари тўғрисида тушунчалар бериш яхши самара беради.

         Шундай экан ёшларимизга Ислом динини нотўғри талқин қилишларига йўл қўймайлик, уларни неъматларга шукр қилувчи, Ватанимизга, ота-оналарига садоқатли, эзгу ишларга рағбатли қилиб тарбиялайлик!

                                                                    

Ў.Жуманазаров

Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *